..

..

AGROBLOGER

Мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотларининг ҳосилдор навларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш соҳаси йил сайин ривожланмоқда. Мақсад қайта ишлайдиган корхоналарнинг самарадорлигини ошириш, ички ва ташқи сотиш бозорларини янада кенгайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришишдир.

Ҳар мавсум бошланганда деҳқонларимиз тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини экиб, юқори ҳосил олишга ҳаракат қилади. Шу сабабдан соҳа олимлари ҳосилдор ва касалликка чидамли экин навлари яратиш бўйича доимий илмий изланишлар олиб бормоқда.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2019 йилда Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан бир нечта сабзавот навлари яратилган. Жумладан, помидорнинг “Осиё“, “Офарин“, “Дурдона“, бақлажоннинг “Глобус“, қовуннинг “Новоткалла“, аччиқ қалампирнинг “Шарқ гавҳари“, ноанъанавий сабзавот экини бўлган бамиянинг “Тошкент туҳфаси“ навлари Давлат нав синаш комиссиясига топширилган. Шунингдек, иссиқхонада экиладиган помидорнинг “Наврўз“, “Янтарный“, очиқ дала учун бодрингнинг “Иффор дурагайи“, ширин қалампирнинг “Маржона“, сабзавот соясининг “Изумруд“ навлари ҳам синовдан ўтмоқда.

Давлат нав синаш комиссияси синовидан муваффақиятли ўтган, очиқ майдонда экиладиган помидорнинг “Барлос“, “Диёра“, “Найман“ ҳамда иссиқхона учун черри типидаги помидорнинг “Умид (черри)“, бодрингнинг “Даяра Ғ1“ ва “Ширин Ғ1“, пиёзнинг “Равнақ“, қовуннинг “Кўк мағиз Ғ1“, картошканинг “Феруза“ нав ва дурагайлари Давлат реестрига киритилиб, экишга рухсат берилди.

Бодрингнинг янги яратилган “Иффор“ навига муаллифлик ҳуқуқини ҳимояловчи патент олиш учун Интеллектуал мулк агентлигига тегишли тартибда ҳужжат топширилди.

uza.uz

@AGROBLOGER

Report Page