...

...

AGROBLOGER

Озиқ-овқатлар билан савдо қилувчи ҳудудлар (бозор ёки дўконлар) да бу кун ҳар биримиз ГМО маҳсулотлари билан тез-тез тўқнаш келамиз. Бир хил ҳажмдаги сариқ ёки зарғалдоқ помидорлар, терисида нуқтадек доғи йўқ йирик олма ва ноклар, хуллас шунга ўхшаш бошқа хил мева-сабзавотлар, турли дон-дунлар… Бариси бенуқсон, бир-биридан чиройли! Ўйлаб қоламиз. Улар табиий ҳолда етиштирилганидан нимаси билан фарқ қиларкин?

ГМО (гени модификацияланган организм), яъни генетик таркибини ўзгартириш йўли билан ҳосил қилинган янги ўсимлик ёки ҳайвон организмлари, шунингдек улардан истеъмол учун тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларидир. Янаям аниқроқ айтганда, бирор хил маҳсулотга бегона геннинг кўчириб ўтказилиши туфайли янги хусусиятларга эга бўлган организмнинг келиб чиқиши ГМО ҳисобланади.

Гени модификацияланган организмлар яратиш учун аввало бирор хусусиятли (масалан совуқ иқлим шароитида яшовчи) ўсимлик ёки ҳайвон турининг ген таркибидан керакли ген ажратиб олиниб, у бошқа бир организм геномига ўрнатилади. Натижада совуқ урмайдиган, шунингдек ташқи жиҳатдан кўркам ва таъми ўзгача у ёки бу ўсимлик нави юзага келади. Мана шу усул билан оддий қулупнай ген тизимига Арктика шароитида яшовчи балиқ генидан ўтказилиб, унинг қаҳратон қишда ҳосил берадиган нави яратилган. Лекин балиқ гўштига нисбатан аллергияси бор одам юқоридагидек усулда яратилган мевадан еганда аллергик ҳолат кузатилиши мумкин.


1994 йил АҚШ да илмий тажриба сифатида чуқур сув тубида яшовчи камбала балиғининг гени ўтказилган йирик ва ранго-ранг помидорлар етиштирилди. Буғдойнинг қурғоқчиликка чидамлилигини таъминлаш мақсадида чаён генидан фойдаланилди. Ташқи салбий таъсиротларга чидамлилигини ошириш учун инсон жигари гени гуручга ўтказилди. Айниқса япониялик генетиклар яратган янги навли гуручда ўзгача хусусият мавжуд. У истеъмол қилингач, ошқозон ости безида инсулин ишлаб чиқилиши тезлашаркан. Шу жиҳатдан бу гуруч қандли диабетга чалинганлар учун фойда келтиради.

Хуллас, бизнинг бозорларимизда ҳам ГМО маҳсулотлари сероб: қулупнай, картошка, бақлажон, сабзи ва олмалар ўзининг чиройли кўриниши ва узоқ муддат сифати бузилмаслиги билан ажралиб туради. Лекин уларнинг мазаси одатдагига қараганда бироз бошқачароқ. Масалан ГМО қулупнайи жайдариси сингари ширин бўлмайди. ГМО картошкалари эса аксинча, 3-4 ойдан ортиқ вақт ўтса чирий бошлайди. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқаришда улардан чипсилар ва ҳар хил маҳсулотларга қўшиладиган крахмал тайёрлашда кенг фойдаланилади.

Ҳозирги кунда Ер шарида 100 дан ортиқ йўналишли трансген ўсимликлар етиштирилиб, улардан озиқ-овқатда кўп тарқалганлари соя, маккажўхори, лавлаги ва картошкадир. Бу борада соя етиштириш айниқса кенг йўлга қўйилган. Соя оқсили сифатини ошириш мақсадида унга Бразилия ёнғоғи генлари киритилгани туфайли илгари бундай ёнғоқларга аллергияси бор кишилар гени ўзгартирилган сояни истеъмол қилганларидан сўнг уларда аллергик ҳолатлар пайдо бўла бошлагани олимларни хавотирга солиб қўйди.

Қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган ГМО маҳсулотлари ўзининг пестицидларга бирмунча чидамлилиги билан алоҳида хусусиятга эга. Бундай маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига бош қўшаётганлар ҳам кўп. «Раундап» гербициди ҳамда ГМО маҳсулотларнинг катта қисми «Монсанто» (АҚШ) фирмаси томонидан ишлаб чиқарилади. Дюпон (АҚШ), БАСФ (Германия) Сингента Сидс С.А. (Франция), Байер КропСайенс (Германия) фирмаларида, шунингдек Москва, Санк-Петербург, Нижний Новгород шаҳарлари ва Финландия давлатида ҳам ГМО маҳсулотларини ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган. Қизиғи, ушбу фирмалардан ўсимлик уруғини сотиб олаётган киши албатта уни етиштиришда қўлланиладиган кимёвий ўғитни ҳам харид қилиш керак бўлади.

Аргентинада ГМО усулида соя етиштириш кенг йўлга қўйилгандан сўнг Санта-Фе провинциясида ҳомила ичи ривожланишидаги нуқсонлар бирмунча кўпайди. Буэнос-Айресда тиббиёт университетининг молекуляр эмбриология лабораторияси олимлари фикрича, бунинг сабаби глифосат (раундап гербицидининг фаол моддаси) билан боғлиқ экан. Чунки ўсимликларга сепилган гербициднинг маълум бир миқдори ўсимликнинг ўзида қолиб, озиқ моддаси сифатида инсон организмига тушади ва уни зарарлайди.

Яна шуни айтиш керакки, глифосат гербициди кучли канцероген хусусиятга эга бўлиб инсонда лимфома, рак, менингит, ДНК нинг зарарланиши сингариларни келтириб чиқариши мумкин. Эркакларда эса бу нарса тестостерон (эркаклик гормони) ишлаб чиқарилишининг бузилишига олиб келиши ва бепуштликка сабаб бўлиши кузатилган.

Қишлоқ хўжалигида ГМО маҳсулотларнинг оммавий етиштирилиши биологик хилма-хиллик камайиши, атроф-муҳит ифлосланиши, тупроқдаги турли хил бактериялар, айниқса чувалчанглар йўқолиб кетишига олиб келиши исботланган. Бундан ташқари, ўсимликлар чангланишида асосий ролни ўйнайдиган асалариларнинг нобуд бўлиши, шу билан бирга қушлар ва балиқларнинг қирилиши кузатилмоқда.

Франция ва Италия олимларининг «Раундап» гербициди билан ишлов берилган ГМО маккажўхориси икки йил давомида каламушларга бериб боқилганда уларнинг саломатлигида ўзгаришлар рўй берган. ГМО ва гербицид улар организмидаги жинсий гормонлар мувозанатини издан чиқариб, жигарида эса димланиш ва некрозни юзага келтирганлиги оптик ва электрон микроскоплар ёрдамида аниқланган.

Абердин (Шотландия) университети профессори Арпад Пуштай 1998-1999 йилларда трансгенли картошканинг ичак эпителийсига зарарли таъсирини ва жигар атрофиясини келтириб чиқаришини каламушларда тажриба ўтказиб кузатган. Ушбу илмий тажриба 1999-2000 йилларда дунё олимлари орасида катта шов-шувга олиб келди. Худди шунга ўхшаш тажрибани қирққа яқин кемирувчилар устида олиб борган Гибина-Вакулик Г.И. гуруҳи (2013) ГМ маккажўхори ва соя ўсимлиги истеъмол қилган ҳайвонларнинг ички аъзоларида жиддий ўзгаришлар кузатилганлигини аниқлашган.

Овқат аллергиясининг болаларда кўпайишига (ҳозирда ер шарида 17 фоизни ташкил қилади) ГМО маҳсулотлари кенг тарқалгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Олимлар «ҳаттоки гени ўзгартирилмаган дуккаклилар ва ёнғоқлар истеъмоли туфайли аллергик ҳолатлар юзага чиқишини мисол қилиб айтадиган бўлсак, гени ўзгартирилган маҳсулотлардан аллергик хавфнинг камайишини кутмаса ҳам бўлади» дейишмоқда. Болалар организмининг бегона оқсилга нисбатан сезгирлиги юқори, шунинг учун ҳам 2004 йилда Европа Иттифоқи 4 ёшгача бўлган болалар овқатига ГМО маҳсулотларини қўшишни таъқиқлаб қўйди. Лекин Россия давлатида сотувда бўлган болалар овқатларининг 70 фоизида ГМО мавжуд. 2012 йил Москва шаҳри ва вилоятидаги болалар боғчасида янги меню киритилиши ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўлди. Чунки бу менюда (овқат рационида) мева ва сабзавотлар, табиий шарбатлар, сарёғ, йогурт, творог, гўшт ва балиқ маҳсулотлари камайтирилиб, улар ўрнига сосиска, яримфабрикатлар, соя ёғи, консервантли аралашмалар, консерваланган бодринглар болаларга берилган.

Дунёнинг турли мамлакатлари олимлари фикрича, ГМО маҳсулотлари истеъмол қилингандан сўнг аллергиядан ташқари иммунитетнинг пасайиши кузатилади, онкологик, бепуштлик, токсикоз, овқат ҳазм қилиш, асаб тизими касалликларининг кўпайиши рўй беради. Шунингдек ирсийликнинг ва патологик генларнинг ўзгаришидан сўнг янги касаллик ҳисобланган ГМО-маргелон келиб чиқиши мумкин. Бунда одам терисида агробактериялардан ҳар хил рангдаги бир неча миллиметрли ипчаларнинг ҳосил бўлиши сабабли терида чидаб бўлмас қичишиш ва битмайдиган яралар юзага келади.

Хўш, қайси озиқ-овқат маҳсулотлари ўзида ГМО ни сақлайди?

Донли маҳсулотлар: буғдой, пахта, зиғир, маккажўхори, шоли, кунгабоқар, нўхат.

Сабзавотлар: брокколи карами, кабачка, сабзи, қанд лавлаги, рангли карам, бодринг, бақлажон, пиёз, қалампир, картошка, исмалоқ, қовоқ.

Ҳўл мевалар: олма, банан, олча, узум, киви, манго, папайя, ананас, олхўри, малина.

Полиз маҳсулотлари: Буғдойнинг қурғоқчиликка чидамлилигини таъминлаш мақсадида чаён генидан фойдаланилди. қовун, тарвуз сингарилар.

Бундан ташқари ГМО маҳсулотлар ҳозирда фақатгина қишлоқ хўжалигидагина эмас, балки тиббиётда дори тайёрлашда, биологик фаол қўшимчалар, парфюмерия ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳам кенг қўлланилмоқда. Юқоридаги каби илмий-амалий тажрибалардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бажарилган ҳамма экспериментал ишлар тўлалигича аниқ бир хулоса бермайди.

Чунки ГМО маҳсулотларининг инсон саломатлигига фойдали ёки зарарли эканлигини тўлиқ тасдиқловчи далиллар ҳалигача етарли эмас. Шундай бўлсада, ГМО маҳсулотларининг кундан-кунга кўпайиб бораётгани барибир хавотирли ҳолат, дейишимиз мумкин.

Негаки, инсоннинг иммун тизими жуда сезгир бўлиб, ГМО маҳсулотлари бу тизим ишига албатта ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бу жиҳатдан қараганда, ГМО нинг ошқозон-ичак тизимига таъсири ва аллергия чақириши қай даражада эканлиги ҳам тажрибаларда ҳали тўлалигича ўрганилмаган. Демак, ҳозирги кунда ушбу йўналишда замонавий илмий изланишларни чуқурроқ давом эттириш зарурга ўхшайди.

Хайрулла ХАТАМОВ,

Республика Иммунология илмий маркази

мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди.

@AGROBLOGER

Report Page