*/

*/

Source

12. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм, азиз дўстлар қадрдонлар бугунги суҳбатимиз "БОСМАЧИЛАР" ҳақида..

Шундай кунлар келадики деб айтган эди, ўша ёмонотлиққа чиқарилган “босмачилар”, саркарда, лашкарбошилар, қўрбошиларнинг ўзлари ..., қачонлардир юрт қизил империя сиртмоғидан қутулиб, мустақил тараққиёт йўлига ўтишларига қатъиян ишонганлар. Бу ўринда Нью-Йоркда яшаётган Давронбекнинг шахсий архивидан олган бир ҳужжатга мурожаат қилиш жоиздир. Шермуҳаммадбекнинг ўғли Давронбекдан олинган бу ҳужжатда 1927 йили Шаъбон ойининг биринчи-учинчи кунларида Қобул шаҳридаги Алимардон боғида бутун Фарғонадан, Туркистондан муҳожир бўлиб бориб қолган “босмачилар”, қўрбошилар, понсодларнинг Шермуҳаммадбек раислигида Андижонлик Абдулҳай Махдум котиблигида йиғилиш ўтказилган. Унда 1917—1924 йилларда Фарғона водийсидаги истиқлол уруши ҳақидаги эсдаликлар умумлаштирилади, водийдан чиққан қўрбошилар, лашкарбошилар номлари ҳамда Шермуҳаммадбек муҳорабаларидан, таржимаи ҳолидан лавҳалар келтирилади.

Шаҳид кетган юзлаб истиқлол курашчилари зикр этилади. Улар хотираси лавҳасига мана бу сўзлар битилган: “Қабрингдан роҳат топсун Фарғона шаҳидлари, ёш Фарғона мужоҳидлари, қаҳрамонлари. Яшасун миллат қаҳрамонлари. Қабрингда роҳат топсун Фарғона шаҳидлари. Истиқлол тарафдорлари! Мавҳ улсун коммунизм. Оҳ, Фарғона! Қабрингда роҳатда бўл, Фарғона шаҳидлари! Номларингни, бир кун хотирлайдилар. Сизларга дуолар ўқиймиз. Ватан авлодларина ибрат этармиз қаҳрамон миллат йигитлари!”

Ҳа, буюк истиқлол туфайли миллий озодлик уруши иштирокчилари, қўрбошилар, лашкарбошилар, қўмондонларнинг ҳаёт йўли, фаолияти, тақдирини билиш, уларнинг унутиб бўлмас ижтимоий-сиёсий қиёфаларини тиклаш, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни келгуси авлодларга етказиш олимларимиз, зиёлиларимизнинг бурчидир. Ана шундай хайрли, ибратли ишга қўл урганлардан бири Мансурхўжа Хўжаевдир. Мансурхўжа Хўжаевнинг тарихимизнинг ачинарли, ҳасратли, армонли, лекин шарафли, Мансурхўжа Хўжаев. Шермуҳаммадбек қўрбошининг қаҳрамонона саҳифасини битишга, бу ишга ҳисса қўшишга жазм қилгани ҳам ибратлидир. Унинг “Шермуҳаммадбек қўрбоши” номли тарихий, ҳужжатли, бадиий-публицистик бадиий қўлёзма асари бунинг ёрқин мисолидир. Шермуҳаммадбек тўғрисида тақдим қилинган бу асар Андижон Давлат университети Тарих факультетида “Истиқлол ва тарих” илмий семинари ва “Мерос” номли халқаро илмий-амалий экспедиция хайрия жамғармасининг қўшма йиғилишида муҳокама қилинди ва нашр этиш учун тавсия этилди. Бу асар бошдан-оёқ чуқур ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғулари билан тўлиб тошган, уни ўқир эканмиз, ўша суронли, фожиали, лекин қаҳрамонона тарих кўз ўнгимиздан бирма-бир ўтади.

Тарихий адабиётларни кўздан кечирсангиз, Русия империяси Қўқон хонлигини осонгина қўлга киритгандай таассурот пайдо бўлади.

Йўқ, хонлик осонликча таслим бўлган эмас, ўз қудрати, салоҳияти, даражасида жанг қилган, қаршилик кўрсатган. Таассуфки, юқорида таъкидлаганимиздек, кучлар, ҳарбий салоҳият, қуролланиш техникаси жиҳатидан томонлар тенг эмас эди. Шундай бўлсада, бу озодлик курашининг ўз қаҳрамонлари етишиб чиқди. Улар замонавий ўт очар қуролларга эга бўлган душманга қарши ўқ-ёй, қилич ва пилта милтиқ билан жанг қилиб, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. Уларнинг ичида энг фидокори, сўзсиз, Алимқули Мингбоши (Муҳаммад Юнус Тоййибнинг асарида “Алиқули” шаклида келади) эди. У ватан мудофаасини ташкил эта олди, душманга нисбатан муросасизлиги билан машҳур бўлди.

Тоййиб ўзининг “Алиқули амир лашкар жангномаси” асарида бу ҳақда шундай ёзади: “Амир лашкар шундай дедилар: — Агар бу мусолаҳани қилсак (сулҳ тузсак — М.Х) ҳамма одамлар амир лашкар ва шиғовул деган икки малъун ўз оройиши ва айш-ишратларини кўзлаб, бу қадар мусулмонларни оловга ташлаб сулҳ туздилар. Агар булар ғайрат ва ҳиммат қилсалар, ҳаммамиз ғазотга отланиб, бул тарафи Ўрунбурғ, ул тарафи Сибириёғача олар эрдук деб, тирик бормиз ўзимизға ва ўлғанимиздан сўнгра фарзанд ва набираларимизға лаънатини юборсалар керак.” Шунингдек, душманга қарши Қаноатшоҳ Оталиқ, Ёқуббек (кейинчалик Шарқий Туркистон ҳукмдори), Отабек Ноиб, Шерали Мингбоши, Ниёзалибой, Жомадор Тўқсоба, Муҳаммад Али, Мулла Исхоқ (Пўлатхон), Исо Авлиё, Абдураҳмон Офтобачи, Абдуллабек ва бошқа саркардалар фидокорона жанг қилдилар. Қўқон хонлигининг машҳур давлат арбобларидан бўлмиш Шоҳи Қўшбегининг набираси, Шоди Мингбошининг жияни Муҳаммад Али Оқмасжид қалъаси доруғаси (коменданти) эди.1856 йилда руслар шаҳарни қамал қилган пайтда у ўз қўл остидаги сарбозлари билан бир неча кун ўқ-дориси тугагунича қаҳрамонона жанг қилган. Руслар уни сарбозлари билан қалъа ичида портлатиб юборганлар. Русиянинг мўлжали, Оврўпо мамлакатлари, хусусан Буюк Британия томонидан кутилиши мумкин бўлган норозиликни эътиборга олган ҳолда, Ўрта Осиё хонликларини бўйсундиргач, уларни ярим мустамлака нуфузида ушлаб туриш эди. Бироқ Қўқон хонлиги фуқаролари томонидан кўрсатилган қаттиқ қаршилик, уни ярим мустамлака ҳолида тутиб туриш мумкин эмаслигини аён қилиб қўйди.

Русия ҳукумати шу баҳонада хонликни тугатиб, унинг ҳудудини Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига қўшиб олди, илло, миллий-озодлик ҳаракатини эндиликда “исёнчилик”, “қароқчилик” тарзида баҳолаб, уни бостириш учун “ҳуқуқий” асосга эга бўлди. Шундай бўлсада, миллий-озодлик ҳаракати тўхтамади. Бу ҳаракат, айниқса, Русия ҳукуматининг “Янги қўшиб олинган ерларни ўзлаштириш” дастури асосида ҳамда ҳукуматга таянч сифатида водийга казаклар ва мужикларни кўчириб келиб, энг унумдор ерларга жойлаштирилишидан сўнг янада авж олди.

Бу курашга “Дукчи Эшон” деган ном билан машҳур бўлган Муҳаммад Али Халифа, Хожа Асрор Халифа, Дарвешхон, Етимхон, Қамчибек Олимбек ўғли, “Қорасоч Эшон” лақабли Муҳаммад Қосим Авлиё, Шокиржон, Азлар Эшон ва бошқалар раҳбарлик қилдилар. Хожа Асрор Халифа миллий-озодлик курашини мувофиқлаштириш, марказлаштиришга ҳаракат қилган бўлсада, айрим йўлбошчиларнинг ортиқча ғурури, онгсизлиги бунга йўл бермади. Оқибатда бу алоҳида-алоҳида кўтарилган қўзғолонларнинг тез фурсатда бостирилишига олиб келди. Бироқ тўхтатиб қўя олмади. Тарқоқ ҳаракатлар ўчиб-ёниб, ниҳоят, 1916 йилги оммавий халқ қўзғолонига уланиб кетди. Советлар даврида “босмачилик ҳаракати” деб ном олган миллий-озодлик ҳаракати сардорлари: Катта ва Кичик Эргаш, Рахмонқул, Ислом Полвон, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Холхўжа ва бошқалар бу курашнинг 1916 йилгача бўлган босқичи дошқозонида пишиб етилдилар ва майдонга тушдилар. Уларнинг аксарияти “ўғри”, “талончи”, ва шунга ўхшаш тавқи лаънат билан айбланиб, ҳибсга олиндилар ва Сибирияга сургун қилиндилар. Улар рус ишчиси Петровдан эмас, балки ҳаётдан, бир-бирларидан сабоқ олиб, 1917 йил феврал инқилоби муносабати билан ватанга қайтиб, курашни давом эттирдилар.

ТУРКИСТОН (ҚЎҚОН)МУХТОРИЯТИ 1917 йил феврал инқилобидан сўнг ҳокимият тепасига келган вақтли ҳукумат Русиянинг рус бўлмаган халқ ва мамлакатларига катта ҳуқуқлар берган бўлди. Чекка ўлкаларда жонланиш юз берди. Турли миллий ташкилот, уюшма, фирқалар ташкил топа бошлади. “Шуройи Уламо”, “Шуройи Исломия”, “Иттиҳод ва тараққий”, Турон адами марказият фирқаси (Федералчилар фирқаси), Ёш бухороликлар, Ёш хиваликлар ҳамда большевиклар таъсиридаги “Мусулмон мехнаткашлари союзи” шулар жумласидандир. Шу йил ёз ойларида Давлат думасига сайлов олдидан номзодлар кўрсатиш учун рўйхатлар тузилди, большевиклар таъсиридаги номзодлар 4-рўйхатга, мустақиллик тарафдорлари эса 8- рўйхатга қайд этилдилар. Рўйхатлар тузилгач, сайловчилар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Қўқон Жомеъ масжидида бўлиб ўтган учрашувда ҳар икки рўйхат тарафдорлари ўртасидаги мунозара қон тўкилиш билан якунланди. Шу кундан эътиборан халқ оғзида болшевиклар тарафдорлари “тўртинчилар”, мустақиллик тарафдорлари эса “саккизинчи” деб ном олдилар. Қисмат ва вақт тўлқинлари “саккизинчи” деган номни оқизиб кетди, бироқ, “тўртинчи” деган ном улкан харсангдек дарё ўзанида, яъни одамлар хотирасида ҳали-ҳали сақланиб қолган. Туркистонни мустақил, жуда бўлмаганда мухториятли давлатга айлантириш фикри ХХ аср бошларидаёқ жадидлар ва маърифатпарварларнинг “гап“ зиёфатларида асосий мавзуга айланган эди. Бироқ, подшо охранкаси (сиёсий полицияси) дан чўчиб, бу фикрларни қоғозга туширмаган эдилар. Феврал инқилобидан сўнг бу ҳақда жиддий бош қотира бошладилар. “Турк адами марказият (федералчилар) фирқасининг маромнома (дастур)ида бўлажак мухториятли ҳукуматнинг тузилиши, фаолияти аниқ белгилаб берилди. Бу дастур замонасининг энг халқчил, демократик дастурларидан бири эканлиги тадқиқотчилар томонидан эътироф этилди. Дастурни тузишда Қўқондан Камолиддин қози Раҳмонберди ўғли, Обиджон Маҳмуд ўғли, Андижондан Мулло Нуриддин аълам, Мирзо Абдуқодирбек, Искобилдан Миродил Мирзо Аҳмад ўғли, Тошкентдан Мунаввар қори Абдурашид ўғли, Самарқанддан мулла Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа кўзга кўринган жадидлар иштирок этдилар. Масков билан алоқадор савдогарлар ва жадидлар мухториятли ҳукумат тузиш борасида муваққат ҳукуматнинг фикрини олишга ҳаракат қилдилар. Уларнинг ҳукуматдаги танишлари бу масалани яқин орада ўтказилиши кутилаётган, Россия тақдирини ҳал этишга ваколати бўлган Таъсис мажлисига қўйишни маслаҳат бердилар. Агар Таъсис мажлиси бўлиб ўтса, Россия Оврўпонинг илғор мамлакатлари изидан бориб, уларнинг идора усулини қабул қилар, “пролетариат диктатураси” ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас эди. Буни тушуниб етган Ленин бошлиқ болшевиклар ва социал революциячилар (эсерлар) фирқалари Таъсис йиғилиши чақирилгунча ҳокимиятни қўлга олишга ҳаракат бошладилар ва 1917 йил 25 октябр (7 ноябр)да бунга эришдилар ҳам. Ишчи- деҳқон ҳукуматининг энг дастлабки юридик ҳужжатлари сулҳ ва ер хақидаги декретлар эди. Бир неча кун ўтиб, 15 ноябрда эса Россия Халқ Комиссарлар Совети раиси Ленин ва Миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари Сталин имзо чеккан “Россия халқлари ҳуқуқлари декларацияси” эълон қилинди. Унда жумладан, шундай сатрлар бор: 1. “Халқ комиссарлари Совети Россия миллатлари ҳақидаги масала бўйича ўз фаолиятига қуйидагиларни асос қилиб олишга қарор қилди: 2. Россия халқларининг ажралиб чиқиш ва мустақил давлат ташкил этишгача бўлган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи. 3. Барча миллий ва миллий-диний имтиёзлар ва чекланишларни ман этиш ҳуқуқи...” Инқилоб (тўнтариш) раҳбарлари, жаҳон афкор оммаси эътиборини чалғитиш мақсадида ушбу баённомани эълон қилиб қўйиб, унинг асосида миллатларнинг ажралиб чиқиб кетишидан қўрқиб, бир неча кун ўтгач ажралмасликни сўраб “Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига мурожатнома”сини эълон қилишга шошилдилар. Улар шу тариқа мурожаат қиладилар: Рус ишчиларининг ягона орзу-умиди тинчлик (сулҳ) ҳақидаги битим тузилганидан сўнг бутун дунёдаги маҳкум миллатларга ёрдам бериш ва уларни ҳурриятга эриштиришдан иборатдур... Россия мусулмонлари: Волга татарлари, қирғизлар, Сибир ва Туркистон сартлари, Кавказ турклари ва татарлари, чеченлар, Шимолий Кавказ халқлари ҳамда рус подшолари, золимлари томонидан бутун масжидлари ва минбарлари бузилиб ташланган, дин ва урф одатлари оёқости қилинган халқ ва миллатлар, биз сизларга мурожаат қиламиз. Сизларнинг динингиз, урф- одатларингиз, миллий ва маданий муассасаларингиз бундай буён ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилинади. Ўз миллий хаётингизни том маънода эмин-эркин ташкил этишингиз мумкин, бу сизнинг ҳақ-ҳуқуқингиздир. Шуни билингки, сизларнинг ва бутун Россияда яшайдиган миллатларнинг ҳақ-ҳуқуқларини инқилоб ва Шўролар ҳимоя ва мудофаа қилади. Бу инқилоб ва унинг ҳукуматига ёрдам этингиз.

Дўстлар! Биз кўтарган байроғимиз билан ҳар бир маҳкум миллатга ҳуррият олиб келамиз. Мусулмонлар! Биз сизлардан моддий ва маънавий ёрдам кутиб қоламиз”. Бу ҳужжатларга ишонганлар ҳам бўлди, ишонмаганлар ҳам кўпроқ бўлди. Бироқ, қонун кучига эга бўлган бу ҳужжатдан фойдаланиб қолиш керак. Бундай имконият кейин яна бўладими-йўқми? Бу масалага ойдинлик киритиш учун “Шўрои Уламо” фирқаси пешқадамларидан бўлмиш Шоаҳмедов Петроградга юборилади. У “Мусулмонлар ўз мустақил давлатини тузиши мумкин” деган хабар топиб келади. 12 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган турли мусулмон гуруҳларининг бирлашган маслаҳат қурултойи шу асосда “Ҳокимиятнинг аскар, ишчи ва деҳқон депутатлари Совети қўлига ўтиши муносабати билан Туркистон ўлка мусулмонлари съезди бутун Туркистоннинг 98 фоизини ташкил қилувчи 10 миллион жон мусулмонлар Русия инқилоби ваъда этган озодлик, тенглик ва биродарлик асосида миллий- маданий ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга деб топади” мазмунида қарор чиқарди.

Шу тариқа "Қўқон" мухториятли ҳукумат таъсис этиш ҳаракати бошланади. Бироқ, Марказий Ижроия қўмитасида, ҳукуматда бирорта маҳаллий миллат вакили бўлмаган Тошкентда болшевикларнинг таъсири кучли эди. Шу туфайли эрксевар кучларнинг нигоҳи Қўқонга, бир вақтлар хонлик пойтахти бўлиб турган, 300 дан ортиқ масжид, элликка яқин мадраса, олтита марказий бозор, ўнлаб тармоқ бозорлари, ўттиздан зиёд саноат корхонаси, 11 банк, ўнлаб савдо уйлари, ширкатларга эга бўлган, адабиёт, санъатда муҳит ва мактаблар яратган етмиш беш минг аҳолига эга Хўқанди Латиф томон интилди.

1917 йил 26 ноябрда Қўқоннинг пахта биржаси биносида (эски театр биноси ўрнида) 4-ўлка мусулмонлари фавқулодда съезди бўлиб ўтди. Съездда пойтахти Қўқон бўлган Туркистон Мухториятли ҳукумати ташкил топганлиги эълон қилинди. Мухторият бошқаруви органи Туркистон халқ бошқаруви (54 киши), Туркистон вақтли кенгаши (32 киши) ва ҳукуматдан иборат эди. Ҳукумат раислигига “Алаш Ўрда” фирқасининг раҳбари, муҳандис Муҳаммаджон Тинишбоев сайланди. Кўп ўтмай, ҳукумат ичидаги айрим келишмовчиликлар туфайли Тинишбоев истеъфо беради ва унинг ўрнини ҳуқуқшунос Мустафо Чўқай эгаллайди.

Чор ҳукуматининг офицери Шомилбек унинг ўринбосари, Ислом Шоаҳмад ўғли адлия вазири, Потеляхов – озиқ-овқат вазири, Убайдуллахўжа – ҳарбий вазир, Чанишев – бош қўмондон, Саид Носир Миржалил ўғли – хазиначи этиб сайландилар.

Мухтор жумҳуриятнинг янги ҳукумати оммавий сафарбарлик эълон қилиб, миллий армия тузишга киришди. Ҳукумат таркибидаги 54 кишидан 36 нафари ерли туб аҳоли вакиллари, қолганлари оврўпаликлар эди.

Демак, чинакам байналмилал ҳукумат тузилди, маҳаллий халқ вакиллари В.И.Лениннинг кўргазмаларига қатъий амал қилиб, ўз тақдирларини ўзлари белгилашга киришдилар.

26 декабрда Қўқонда бўлиб ўтган мусулмон ишчи ва аскар вакилларининг I фавқулодда съезди, большевикларнинг қаттиқ қаршилик кўрсатишларига қарамай, Қўқон Мухтор ҳукуматини ёқлади ва В.И.Ленинга қуйидаги матндаги телеграммани жўнатди: “Туркистон мусулмонлари ишчи ва аскар депутатлари I фавқулодда съезди қабул қилган қарорни Сизга маълум қилиб, Туркистонни ҳалокат ёқасига келтириб қўювчи тартибсизлик, қўш ҳокимиятчиликнинг олдини олиш мақсадида ўлкада ҳокимиятни Вақтли Туркистон мухтор ҳукуматига топшириш тўғрисида Туркистон Халқ Комиссарлари Советига Россия демократик республикасининг Олий ҳокимияти номидан кўрсатма беришингизни сўраймиз”.

Мухториятли ҳукумат “Эл байроғи” газетасини нашр этади, молия ишини мувофиқлаштириш учун 30 миллион сўмлик заём чиқаради, ўз миллий армиясини яратишга киришади, халқ милициясини ташкил этади.

Милиция бошлиғи лавозимига Эргаш Қўрбоши тайинланади. Шу ўринда Эргаш Қўрбоши номи билан боғлиқ бир масалага муносабат билдириб ўтишимизга тўғри келади: тарихдан маълумки, тинчлик, озодлик ҳаракати жабҳасида Эргаш номли икки шахс фаолият кўрсатган. Уларнинг ҳар иккиси хам Қўқоннинг Бачқир депарасидан. Бири Катта Эргаш, иккинчиси Кичик Эргаш деган ном билан машҳур. Бизга танишиш насиб этган барча манбаларда милиция бошлиғи лавозимига Катта Эргаш тайинланганлиги таъкидланган ҳолда, турк журналисти Али Бодомчи қаламига оид “1917—1934 йилларда Туркистонда миллий-истиқлол ҳаракатлари ва Анвар Пошшо” асарида, ҳукумат эълон қилингандан бир неча кун кейин Қўқон қўрбошиси Кичкина Эргашбек Ижроия қўмитасининг қарори билан пойтахт “Қўқон” жандарми қўмондони ва милиция мудири этиб тайинланади”, деган ёзувни учратамиз. Бу маълумотни учратгач, манбаларни яна бир бора кўздан кечириб чиқишга тўғри келди. Ва ниҳоят, маҳаллий манбаларга суяниб, Али Бодомчи бир оз янглишган деб ҳисоблайман, ҳамда отам Муҳаммад Саид шунингдек, бугунда юз ёшни қаршилаган Жўрахон Тўра оталарнинг гувоҳлик беришларига қараганда ҳам юқоридаги фикримизнинг тўғрилигига яна бир бор амин бўламиз. Туркистон Мухториятининг ташкил топиши ва бошқарув тизими турли адабиётларда турлича ёритилади.

Мухторият ташкил топган кунлардан бошлабоқ советлар унга қарши шиддатли ҳужум бошлади. Ҳужум молия жабҳасида бошланди: Туркистон Халқ Комиссарлари Совети Туркистон мухториятига алоқадор ва унга ҳайрихоҳ бўлган бойларнинг мол-мулкларини мусодара этиш ҳақида топшириқ берди. Қўқон совети раиси Бабушкин мухториятни бешигидаёқ бўғиб ташлаш мақсадида Фарғона ва Тошкентга мурожаат қилиб, “шаҳарни ҳимоя қилиш” учун ҳарбий ёрдам сўради.

Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳри ҳокими Дориомедовнинг қаршилигига қарамай, Фарғона совети қарори билан шаҳар ҳарбий дружинаси бошлиғи К.Осипов 120 аскар, 4 замбарак, 4 пулемёт билан Қўқонга етиб келди. Кўп ўтмай Самарқанд, Қизилқия дружиналари шаҳарга кириб келди. Шаҳар ичида мухториятчилар билан болшевиклар ўртасида жанг бошлангач, 18 февралда Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари 26 ёшли Е.Перъфилев шаҳар темир йўлига 11 эшелон пиёда, отлиқ ва артилерия қисмлари билан кириб келди. Конибодом бекатида уларга арман дашноқлари отряди қўшилди. Ўзларини Дашноқлар деб аташган, 1915 йилда турк-арман қирғини сабабчиларидан бири, Дашнакцутюн миллатчи партиясининг бир қисми Туркистонга келиб ўрнашади. 1918—1920 йилларда Арманистонда ҳокимиятни эгаллади. Каракс ва Эриванда мусулмонларни қирғин қилди.

Большавойлар 1918 йилда шулардан фойдаланиб, биргаликда Қўқонда, умуман водийда қирғин ўтказди. Натижада истиқлолчиларга қарши кураш ниқоби остида тинч аҳолидан 35.000 киши қириб ташланди, мол-мулки эса талон тарож қилинди. Турор Рисқулов, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, Низомиддин Хўжаев каби раҳбарларнинг талаби билан 1919 йил 16 июлда Туркистон МИК буйруғи билан бу партия тарқатиб юборилади ва қуролсизлантирилади.

Арманистонда ҳам бу партия 1921 йилда тақиқланган. 19 феврал куни Эргаш Қўрбошига ултиматум юборилиб, уч соат ичида қурол-яроғни ташлаб, таслим бўлиш талаб этилади. Эргаш қўрбоши бу талабни бажармаслигини билдириб, рад жавоби юборди. Е.Перъфилев барча замбараклардан Қўқон аҳолиси устига ўт очишни, шу жумладан, ёндирадиган снарядлардан фойдаланишни буюрди.

Эски шаҳар тамомила вайрон бўлиб, ўт ичида қолди. Унинг буйруғи билан рўпара келган одамни отиб ташладилар, кошонаю обидалар вайрон қилинди. Дўкону банклар талон-тарож қилинди. Айниқса, арман дашноқлари хонадонларга бостириб кириб, чолу кампир, болаларни ҳам аямадилар, болаларни жодуга солиб қирқдилар.

Туркистон, Ўзбек халқининг ашаддий душмани деб ном олган А.Т.Каравайцев ўз эсдаликларида “арман дашноқлари қирғинни ҳаддан ошириб юборибди”, деб ёзишдан бошқа иложи тополмайди.

davomi bor..

Report Page