* * *

* * *


Европа мамлакатларида турли кашфиётлар ўйлаб топиш, дунё миқиёсидаги муаммоларни ҳал қилиш-ҳар бир илм толибининг асосий муаммосига айланиб улгурган. Улар бугун қандай қилсам, нима янгилик бўлади дея миясини механикадек чирпирак қилиб ишлатаётган кезда, мен янгиланаётган юртимда иш излаб кунимни бесамар ўтқизмоқдадурмен (мана шу сўзни бадиийроқ ёзсам, эҳтимолким, бир неча йиллар аввалги ҳолатдир, бугунги кунда юртимиз бу масалада анча илгарилаб кетган, деган фикрни гипноз қилиб сингдирмоқчи бўлдим чамаси 😁). Кўп жойларда бўлдим. Олий маълумотли бўлмасамда, тил билишим, бир неча йиллик фаолиятим (мактаб пайтидан дарс берганман, бўлса 5 йил бўлган, кўпиртириб, йўқни бор қилиб гапиришимдан билаверинг, ўзбекман, хазил).

Охири, ўзимнинг соҳам бўлганлиги боис, нашриётга иш сўраб бордим. Бахтимдан ўргилай, айни дам у ерга мухбирлар керак экан! Кирганимдан худдиким, ёзувчилар, шоирлар даврасининг нафасини туйиб, сармаст бўлиб кетсам-а, деган хаёлда ҳар тарафга кўз югуртириб чиқдим. Мени иш излаб келганимни билган волонтёрлар ўзича ёрдам бериш мақсадида маслаҳат берар, сўзамоллик биринчи ўринда туришини тинмасдан такрорлашар эди. Ҳайронман, газета нашриётида мақола ёзилмас эдими? Кутайчи, дея сабр билан берилаётган барча саволларга жавоб бердим. Таҳририятдагилар бўлса, худдики мени келинкикка даъвогардек сўроқ қилишар эди. Бу ҳам етмагандек, икки соат давом этган суҳбатда лоақал бир киши нимадир ёзишимни айтмасди. Ваниҳоят, қаламимни кўрсатишим кераклиги айтилди. Янги эмасманми, бирор маслаҳат сўрадим. Долзарб мавзуни ёритинг дейилганда, UzAutoMotors, таҳдидда қолиб кетаётган сўз эркинлиги , Сардоба фожеаси айбдорлари топилдими (яна бир неча сиёсий вазиятлар) дея бир нечта муҳимроқ ҳолатларни айта кетдим. Бош муҳаррир бу мавзуларнинг газета учун нафсиз эканлигини айтди (бундан бўлак долзарб масала бўлмаслигига ишончим комил бўлсада, майли сиёсатчи алланбаломи бу деб туёғимни шиққиллаттирворишмасин дея, миллатпарварона мавзу излай кеттим). Яқин орада тил байрами келаётгани ёдимга тушиб, шу мавзу бўйича нимадир ёзиш таклифини бера қолдим (ҳайрият, бўлмаса билмадим у қанча ўйланарди). Уйга қайтгач, ярим тунгача, минг марталаб текширувлардан сўнг, ниҳоят, мукаммал бўлмасада, чўмичга илашгудек иккита мақола тайёр бўлди. Эртаси куни мендан камчилик топа олмаган муҳаррир, энди тижоратга чиқишимни айтди. Хайронман, нимани хисоблайман? Ҳеч иш қилмасимдан ойлик оламанми? Қарасам, газета саҳифаларига ҳар қанақа мақола пулга чиқарилар экан, етмаганига худди маҳсулотини ўтқазадиган савдогардек муассасама-муассаса, ташкилот-ма ташкилот юриб, газета учун буюртма олиш керак экан. Маблағ талаб қиладиган соҳани кўплар маъқул кўравермайди. Буюртма ололмай сарсон бўласан, етмаганига узоқроқ жойларга борсангда, шартнома туза олмасанг, йўл кира сарфлаганинг қолади. Давлат тасарруфида бўлмаган бу каби журнал ва газеталанинг ишлари менга жуда эриш туюлди. Эҳтимолким, газеталарнинг бугунги кундаги аҳамияти, айнан шунинг учун йўқолиб бораётгандир. Олийгоҳга хужжат топшираётганимда, айнан босма ОАВ йўналишини китоб-журналлар ичида кўмилиб иш қилишга қизиқишим борлиги сабаб танлаганман, аммо бугунга келиб, ноширлик ишининг вазиятини кўриб, қилган ишимдан афсуслана олдим холос. Давлат тасарруфидаги матбуот ёки нашриётларга ишга кирдим ҳам дейлик, тижорат эмас, бошқа бир яхшироқ иш топилар дейман-у, давлатники бўлган газеталар қолдимикин деб ўйлаб қолади одам (у ерда хам манффатли нимадир бор емас). Киноларда уйининг эшиги остига ташлаб кетилган газетани интиқ кутадиган отанинг ҳолати-мен учун юртимда романтикадек қабул қилинадиган туюлди. Хусусий нашриётлар пули бор ҳар кимни олиб чиқаверса, ким журнал ўқийди? Газета харид қилади? Китоб қимматлиги учун сотиб олинмаётган бир замонда, ҳеч қанақа аҳамият қозонмайдиган шахслар ёритиладиган газеталар кимнинг ''газагига'' дори?

Хуллас, нима хулоса қилиш ўзингиздан. Эҳтимолким, сиз ҳам айнан шу учун сайтдаги маълумотларни ўқиётгандирсиз. Маълумот ўрнида шуни келтириб ўтмоқчи эдим: чет нашрлари ўзининг катта салоҳиятига ва жамият ахборот воситалари миқёсида салмоқли ўринга эга, хаттоки Ҳиндистон ва Покистоннинг ҳам


 дунёда машхур бўлган газеталари мавжуд.

Шунақа гаплар ўртоқлар. Сиз ўзбеклардан бўлак (телевизорга ишонадиганлар тоифасини назарда тутган ҳолда) бирор хорижлик ўқимайдиган ''Даракчи'' ни ўқиб ўтирибсизда. Давлат пул ажратмайди дегани-пул топиш учун ҳар масалани, ҳар кимни газетада ёритиб пул ишлаш дегани эмас. Мен мухбирман ёки нашриётда ишлайман деган одамни-пул берса эшшакни ҳам одам деб ёзадиганлар тоифаси деб билишмасин. Савия деган нарсани йўлидан ўтмайдиган бир тийинга қиммат нашриётларни ўрнида бирор фойдали маскан қилса ҳам барака топадиган даражада бўлмайлик. Нима бўлганда ҳам яхши ният. Маърифат излайдиганлар газета ўқимаса ҳам илмсиз бўлиб қолмаяпти дейсизми? Мен ҳам қўшиламан. Хуллас, шунақа кичкина гаплар!

Савияли китоблар ва газета-журналларнинг сонининг ошиб қолишини интиқлик билан кутиб қолувчи мухбир (in the future-келадиган келажакда)!


Preparer: Ozoda Otabekovna

•Company by: Fh Product 2021•

Report Page