...

...

AGROBLOGER

Пиёз шифобахшлик, парҳезлик, овқат ҳазм қилишлик, бактерицидлик хусусиятларга эга ҳамда фойдали витамин ва эфир мойларига бой сабзавот турларидан ҳисобланиб, кундалик эҳтиёждан ташқари қайта ишлаш саноатида ҳам кўп миқдорда қўлланилади.

  Мамлакатимизда пиёз ҳар йили қарийб 28–30 минг/га майдонда экилиб, ўртача ҳосилдорлик 22–25 т/га, ялпи ҳосил эса 600–700 минг тоннани ташкил қилади. Агар бир гектарга 14–16 килограмм ҳисобида уруғлик сарфланишини инобатга олсак, жами майдонга 450 тонна пиёз уруғи зарур. Маҳаллий навларнинг 1 кг уруғ нархи ўртача 50, чет эл F1 дурагайларининг нархи эса 400–500 минг сўм баҳоланишини инобатга олсак, бир гектарга маҳаллий навлар учун 750 минг сўм, чет эл дурагайлари учун 6 миллион 750 минг сўм талаб қилинади.

  Бу катта маблағ, албатта. Шундай экан, пиёз етиштиришда қандай қилиб иқтисодий тежамкорликка эришиш мумкин? Бу борада биз пиёзни кўчат орқали етиштириш технологиясини таклиф қиламиз.

 Маълумки, республикамизда пиёз қуйидаги муддатларда: эрта баҳорги, ёзги-кузги ва тўқсонбости қилиб экилади. Баҳорги муддатда пиёз уруғи жанубий вилоятларда 5–25 февраль, марказий минтақа вилоятларида 20 февраль–10 март, шимолий минтақада эса 5–25 мартда, ёзги-кузги муддатда шимолий минтақада 15 август–1 сентябрь, бошқа минтақаларда 15 август–10 сентябрда, тўқсонбости муддатда эса марказий минтақа вилоятларида 15 ноябрь–15 декабрь, шимолий минтақада 1 ноябрь–1 декабрда сепилади.

  Пиёзни кўчат билан ўтқазиб етиштириш технологияси асосан эрта баҳорги муддатда қўлланилади. Бунинг учун пиёз экишнинг юқорида кўрсатиб ўтилган муддатларидан 50–60 кун олдин ивитилиб нишлатилган пиёз уруғлари алоҳида тайёрланган майдонларга 1 м2 ҳисобига 25–30 г. дан сепилиб, устига 0,5–0,7 см қалинликда тупроқ тортилиб, захлатиб суғорилади.

  Кўчатхонадаги ҳарорат кундуз кунлари 20–25, кечалари 8–10 oС атрофида сақланса ниҳоллар яхши ривожланиб, бақувват бўлиб ўсади. Парваришлаш даврида ниҳоллар ўтоқ ва ягана қилинади. Пиёз ниҳолларининг бўйи 8–12 см. га етиб, 2–3 барг ҳосил қилганда асосий майдонга ўтқазишга тайёр ҳисобланади. Кўчатларни далага олиб чиқиб ўтқазиш олдидан майдон суғорилади.

  Кўчатлар узун-қисқалигига қараб 50 тадан қилиб боғланиб, илдиз қисмидаги лой идишдаги сувга чайқаб олинади ва илдизларнинг учлари текислаб қирқилади. Кўчатларни эгатлар олиниб, захлатиб суғорилган далаларга ўтқазишдан олдин илдизи мол гўнги ва тупроқ аралашмасидан тайёрланган суюқ аталага ботирилиб олинади. Сўнг экиш схемаларига қараб далага 0,7–1 см чуқурликда ўтқазилади.

  Кўчатлар қуйидаги схемаларда экилади: уч ва тўрт қаторли усулда, эгатлар ораси 70 ёки 90 см қилиб жойлаштирилади. Эгатлар оралиғи 70 см бўлганда ўсимликлар 50+20 ёки 40+15+15 см, 2 3 эгатлар оралиғи 90 см бўлганида эса 60+15+15 ёки 45+15+15+15 см 3 4 шаклда ўтқазилади. 1 м2 майдондаги кўчатлар сони 65–75 дона атрофида бўлиши мақсадга мувофиқдир. 1 гектар майдондаги кўчатлар 650–800 минг донани ташкил қилиши керак. Кўчатлар ўтқазилгач эгатларга кетма-кет сув таралади.

  Бу усулда бир гектар майдонга кетадиган уруғ сарфи 3–4 маротаба камайиши ҳисобига маҳаллий уруғлар экилганда 500–550 минг сўм, чет эл дурагайлари экилганда эса 5 млн сўм тежалади. Шунингдек, икки марта ўтоқ ва ягана қилишга маблағ ва иш кучи кам сарфланади. Суғоришларни 2–3 марта кам ўтказиш ҳисобига, ҳар суғоришда 600–650 м3/га сув сарфланишини эътиборга олсак, 1200–1800 м3 сув тежалади. Тўлиқ кўчат ҳосил қилиш ҳисобига ҳосилдорлик 15–20 % ошади.

  Парваришлаш тадбирлари ўз вақтида сифатли ўтказилса, пиёз ҳосилдорлиги 70–90 т/га. ни ташкил қилади. Ҳозир мамлакатимизда кўплаб деҳқон ва фермер хўжаликлари пиёз етиштиришда юқоридаги технологиядан унумли фойдаланиб мўл ва сифатли ҳосил етиштирмоқдалар.

  М.Мирзиётов

agro.uz

@AGROBLOGER

Report Page