...

...

AGROBLOGER

Мева-сабзавотчилик технологиялари бўйича техник кўмак лойиҳаси 12 мингга яқин фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳамда 600 га яқин агробизнес вакилларини қамраб олади. Бу техник кўмак гуруҳи эксперти Тўйчи Рўзибоев маълум қилди.

Қайд этилишича, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги (ХТТБ улуши – 650 миллион АҚШ доллари) «Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш» лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.

Мазкур лойиҳанинг қишлоқ хўжалигига техник ёрдам кўрсатиш компонентини молиялаштириш учун Европа Иттифоқининг 19,5 млн. евро миқдоридаги грант маблағлари Ўзбекистон Республикаси ва ХТТБ ўртасида 2018 йил 7 сентябрда имзоланган Грант битими асосида жалб қилинган.

Бу компонент юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида тадқиқотчилик фаолиятини ривожлантириш, фермерларга зарур технологиялар, ахборотларни етказиб бериш, шунингдек, маҳсулот сифати бўйича халқаро стандартларни жорий қилишни қамраб олади.

Лойиҳанинг «Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик технологиялари бўйича техник кўмак» қисмини амалга ошириш «Sofreco» (Франция) ва «Global Advisors» (Ўзбекистон) консалтинг компанияларидан иборат консорциум зиммасига топширилди. Бу ишлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган устувор йўналишларга мос равишда олиб борилади.

Мазкур йўналишнинг асосий мақсади замонавий усуллар ва технологиялар ёрдамида мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, саралаш ва қадоқлаш бўйича кўргазма майдонларини ташкил қилишни давом эттириш, соҳада замонавий технологияларни жорий қилиш, ҳосилдорлик ва рентабелликни ошириш, селекция, уруғчилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги илмий-текшириш институтлари салоҳиятини модернизация қилиш каби масалаларга қаратилади.

Мева-сабзавотчилик технологиялари бўйича техник кўмак лойиҳаси 3 йил муддатга мўлжалланган бўлиб, у бутун мамлакат бўйича мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 12 мингга яқин фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳамда 600 га яқин агробизнес вакилларини қамраб олади. Бунинг учун манфаатдор ташкилотлар ва мева-сабзавотчиликка ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари билан ҳам узвий ҳамкорликда иш олиб борилади.


@AGROBLOGER канали

dunyo.news

Report Page