...

...

AGROBLOGER

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан «Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш — камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришнинг муҳим омили» мавзусида фракциялараро амалий мулоқот ўтказилди.

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат эканлигига алоҳида урғу бериб, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усуллар жорий этилишини таъкидлаб ўтгандилар. Хусусан, камбағалликни қисқартириш масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмаслиги таъкидланиб, бу муаммони ечиш учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик суви, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш зарурлигига урғу берилди.

Тадбирда камбағалликни қисқартириш йўлларидан бири, яъни қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтириш учун қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш энг тез натижа берадиган омил эканлиги қайд этиб ўтилди. Бунда ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг доллардан камида 5 минг долларгача етказиш устувор вазифа қилиб қўйилиши, бунинг учун қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сувни тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этилиш лозимлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилиши таъкидланди.

Айтиш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган янги таҳрирдаги «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Мурожаатномада белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш имконини беради. Хусусан, лойиҳада ер участкасини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан бериш амалиёти ўрнига ер участкаларини деҳқон хўжаликларига ижара асосида бериш тизими жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга ер участкаларини ижарага бериш муддати боғдорчилик ва узумчилик учун 50 йил, сабзавотчилик ва полизчилик учун 30 йил ҳамда деҳқон хўжалигини юритиш учун ажратиладиган ер майдони эса 0,06 гектардан 1 гектаргача этиб белгиланмоқда.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари фермер ва деҳқонларнинг ердан манфаатдорлигини ошириш кераклигини, манфаатдорлик ва адолат бўлган жойда, албатта, ўзгариш ва ўсиш бўлиши, бу борада ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва ерларни бозор активларига айлантириш масаласини кўриб чиқиш вақти келганлиги таъкидлади ҳамда шундан келиб чиқиб, ҳукуматга ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш механизмларини жорий қилиш бўйича таклиф киритиш вазифаси юклатилди.

Ушбу вазифадан келиб чиқиб, янги таҳрирда тайёрланаётган Ер кодекси лойиҳасида ер участкаларига бўлган мулкчилик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари, ер участкаларини бериш (сотиш) тартиби бўйича нормаларга, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни чеклаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича нормалар ҳамда ер участкаларидан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилувчилари ва мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоялаш бўйича нормаларга эътибор қаратиш лозим бўлади.

Тадбирда қайд этилганидек, Мурожаатномада барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиб, уларда «ягона дарча» тамойили асосида 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилиши белгиланди. Ушбу марказлар орқали ернинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғликларни танлаш билан боғлиқ муҳим хизматлар кўрсатилиши кўзда тутилмоқда.

Президент томонидан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этишга илк бор 600 миллион доллардан зиёд кредит ва грант маблағлари жалб қилинишини алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси аҳолиси 2030 йилга келиб 39 млн. нафардан ошиши ҳамда иқлим ўзгаришлари оқибатида Ўзбекистоннинг сув ресурслари 3 млрд. метр кубга камайиши прогноз қилинмоқда.

Таъкидлаш жоиз, сувга бўлган талабнинг ортишини, республикада ишлатилаётган сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келишини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларини тежаб-тергаб иқтисод қилиб самарали ишлатиш ҳамда сув тежовчи технологиялар қўллашни жадаллаштириш бугунги кундаги энг асосий вазифалардан бири бўлиб қолади.

Тадбирда белгиланган вазифаларни тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бажариш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиладиган бўлди.


@AGROBLOGER канали

xs.uz


Report Page