...

...

AGROBLOGER

Табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш ва маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишни интеграциялаш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Муҳокама учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020 йилдан бошлаб доривор ўсимликлар етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш илмий-инновацион маркази ҳамда унинг таркибида замонавий халқаро стандарт талабларига мос лабораторияни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ҳокимлари:

доривор ўсимликлар кластерларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарурий инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахсларни танланишига;

ташкил этилаётган кластерларга тупроқ-иқлим шароитлари, сув таъминоти, ички ва ташқи бозорлардаги талабларини инобатга олган ҳолда доривор ва зиравор ўсимликлар жойлаштиришга мос ер майдонлари ажратилишига шахсан жавобгар эканлиги қайд этилган.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда республикада мавжуд доривор ўсимликлар генофондини сақлаб қолиш, ноёб доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларни плантацияларда кўпайтириш, доривор ўсимликлар таркибини аниқлаш ва тайёр маҳсулотларни сертификатлаш ишларини самарали ташкил этиш;

тиббиётда расмий қўлланиладиган доривор ўсимликлар коллекция участкаси ва генбанкини ташкил этиш;

доривор ва зиравор ўсимликларни етиштиришга доир технологик хариталар ва тавсияномалар ишлаб чиқиш;

доривор ва зиравор ўсимликлар ва улар асосидаги биологик фаол қўшимчаларни сертификатлаш ҳамда доривор ўсимликлар етиштирувчи, қайта ишловчи ва бошқа субъектларга пуллик хизматлар кўрсатиш;

илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва ўтказишда лаборатория синовларини амалга ошириш;

клиник олди синовларни ўтказиш учун белгиланган тартибда виварий ташкил этиш;

таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини жорий этиш;

доривор ўсимликлар етиштирувчи ва қайта ишловчи субъектлар, соҳада фаолият юритаётган мутахассислар учун малака ошириш курслари ва консалтинг хизматларини ташкил этиш, шунингдек ёш тадқиқотчилар ва иқтидорли талабаларни илмий изланишларга жалб этиш;

доривор ва зиравор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашга доир инновацион илмий-ишланмаларни амалга ошириш.

Марказ ва унинг таркибидаги лаборатория учун Тошкент давлат аграр университети ҳудудидан бино ва ер майдони ажратилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмасида қўшимча 5та штат бирлигидан иборат Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилади.

Белгиланишича:

табиий ҳолда ўсувчи доривор ва зиравор ўсимликларни тўплаш (ғамлаш), уларни олиб кириш ва ташқарига олиб чиқишга рухсатномалар учун, аризаларни кўриб чиққанлик ва рухсатнома берганлик учун ундириладиган тўловларнинг 25 фоизи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига, 10 фоизи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига йўналтирилади.

Бунда мазкур маблағлар табиий ҳолда ўсувчи, шу жумладан, йўқолиб бораётган доривор ва зиравор ўсимликларни сақлаш, уларни хатловдан ўтказиш, доривор ва зиравор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашга доир инновацион илмий ишланмаларни амалга ошириш, доривор ва зиравор ўсимликларни етиштиришга доир технологик хариталар ва тавсияномалар ишлаб чиқиш харажатларини қоплаш, қонунда тақиқланмаган бошқа мақсадларга сарфланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб мамлакатнинг доривор ўсимликлар флораси ва унинг аҳамиятини ўрганиш мақсадида доривор ўсимликларга оид мавзуларни тегишли ўқув дарсликларига киритади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси табиий ҳолда ўсувчи доривор ва зиравор ўсимликларни сақлаш ва кўпайтириш юзасидан тизимли тадбирларни амалга ошириш, деградацияга учраётган ерлардаги доривор ва зиравор ўсимликларни сақлаш ва қайта тиклаш, ажратилган “махсус ҳудуд”ларни муҳофаза қилинишини таъминлайди.

kun.uz

@AGROBLOGER

Report Page