...

...

Anguzal Agroservis

Кейинги пайтда жаҳон бозорида органик пахтадан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Шу боис дунёнинг энг йирик халқаро брендлари босқичма-босқич экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш тизимига ўтяпти. Хусусан, “Adidas”, “H&M”, “Nike” брендлари 2025 йилгача тўлиқ органик пахта толаси асосида маҳсулот етказиб беришни режалаштирган. Бироқ бугунги кунда дунёда етиштирилган пахтанинг атиги 8 фоизи органик ҳисобланади.

Жаҳонда органик пахтага ўсиб бораётган эҳтиёж Ўзбекистон учун қулай имкониятдир. Мамлакатимизда ушбу янги бозорга кириш ва уни ўз маҳсулотлари билан тўлдириш мақсадида амалий ишлар бошлаб юборилган.

Дарҳақиқат, 2021 йилда биринчилардан бўлиб Бухородаги “BCT Cluster” ва Тошкент вилоятидаги “ТCT Cluster” кластерларида органик пахта етиштириш йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳа Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва “CONTROL UNION” халқаро сертификатлаш ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Айтиш жоизки, органик пахта етиштиришнинг масъулияти, ўзига хос талаблари бор. Чунки экишда кимёвий ишлов берилган уруғлик чигитдан, ғўза парвариши жараёнида кимёвий ва синтетик ўғитлардан фойдаланиш, ҳашарот ва касалликларга қарши курашда кимёвий усулларни қўллаш тақиқланади. Ҳамма жараён табиий бўлиши шарт. Ана шу талаблар асосида 2021 йилги мавсумда “BCT Cluster” кластерда 105 гектар, “ТCT Cluster” кластерда 200 гектар майдонда органик пахта етиштирилди. Ўртача ҳосилдорлик Бухорода 35 центнерни, пойтахт вилоятида 31,2 центнерни ташкил этди.

— Мавсумни мунтазам кузатиб борган “CONTROL UNION” халқаро сертификатлаш ташкилоти Ўзбекистонда биринчи бўлиб “BCT Cluster” ва “ТCT Cluster” кластерларига органик пахта етиштириш бўйича халқаро сертификат берди, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Мазкур сертификат кластерлар учун халқаро бозорларда устунликлар яратиб, толани 50 фоизгача қимматроқ сотиш ва кимёвий моддаларга кетадиган харажатларни тежаш имконини беради. Аммо органик пахта толасини сотиш ниятимиз йўқ. Масалан, сертификатни қўлга киритган кластерларда етиштирилган органки пахта толаси айни пайтда “BCT Cluster”нинг замонавий тўқимачилик комбинатида чуқур қайта ишланиб, жинси либослари ишлаб чиқариш жараёни бошланди. Ушбу экологик тоза маҳсулотларга ҳозирданоқ Европа давлатларидан буюртмалар тушаётгани қувонарлидир.

Ташқи бозор талабидан келиб чиқиб, келгуси 2022 йилда органик пахта майдонларимиз кенгайтирилиб, “BCT Cluster”да 500 гектар, “ТCT Cluster”да 1000 гектарда экологик тоза хом ашё етиштириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси тизимидаги кластер томонидан органик пахта етиштириш ҳажми йил сайин ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, 2021 йилда “Textile Technologies Group” таъсисчилигидаги кластер томонидан Чиноз туманида 194 гектар, “Art Soft Holding” МЧЖ томонидан Мингбулоқ туманида 18 гектар, “Pаrvоz Humo Ravnaq Тrans” кластери томонидан Олот туманида 930 гектар майдонда органик пахта етиштирилди.


@AnguzalAgroservis

xs.uz

Report Page