...

...

AGROBLOGER

Ўзбек халқи борки, терак экади. Ўғил фарзанд туғилса, яхши ниятлар билан унга атаб уй қураман, дея кўчат ўтқазадилар.

— Бироқ замон ўзгармоқда, — дейди Андижон туманидаги “Ҳақиқат чинори” фермер хўжалиги раҳбари Муроджон Қурбонов. — Тараққиёт ҳам даврга монанд шиддат билан одимламоғи керак. 8 гектар майдонда кўчат парваришлайман. Ўзимизнинг маҳаллий теракдан ҳам бор, лекин ҳозир павлония ҳақида гапирмоқчиман.

Хуллас, фермер бизни павлония дарахтлари парваришланаётган мўъжазгина ўрмонзори бўйлаб етаклади. Унинг сўзларига қараганда, 2021 йилнинг баҳорида Шантонг навидан унган ниҳолларни ерга қадаган. Бир йилда беш марта чопиқ қилди, беш марта турли касалликларга қарши дорилади. Ҳафтада бир-икки мартадан суғориб турди. Парвариш яхши бўлгани боис олди кўчат 8 метргача бўй чўйди. Тасаввур қиляпсизми! Кичкинагина қутичада ундирилган атиги тўрт энлик нозик ниҳол 8 ойда 8 метрга етди.

— Унинг афзаллик жиҳатлари жуда кўп, — дейди фермер. — Биринчидан, тез ўсади, иккинчидан, жуда бақувват. Ёғочининг зичлиги боис кемасозликда, мусиқа асбоблари ясашда, уйсозликда, мебелсозликда кенг фойдаланилади. Шахсан ўзим уч йиллик дарахтни кесиб кўрдим, уйсозликда бемалол фойдаланса бўладиган маҳсулот тайёрладим. Мебелсозлардан харидорлар келиб турибди. Ҳар бир тупига 100 доллардан харидорлар бор, лекин бу нархга сотганим йўқ.

Фермер фаолияти билан танишиш давомида тушундикки, илк йили кўчатлар 60х60 ўлчамга ҳар 20 сантиметр оралиғига экилган. Уларни атиги 2 минг сўмдан сотиб олган ва орадан 8 ой ўтгач, кузги экиш мавсумида ҳар бир тупини 25 минг сўмдан сотди. Хулоса қилиш мумкинки, биринчи йилнинг ўзидаёқ унга кетган харажат қопланган.

Павлония етти йилда етилади. Бу даврда бўйи 25 метр, эни 4 метрга етади. Шу боис ҳар йили кўчатлар ўрнини бўшатиб, 4х4 метр ўлчам ҳолатига келтириш тавсия этилади. Асосий меҳнат биринчи йили талаб этилади. Иккинчи йилдан суғориб турилади, холос. Демак, иккинчи йилдан бошлаб кўчатларни сотиш эвазига соф даромад олиш мумкин бўлади. Япроқлари катта бўлгани билан остида полиз маҳсулотларини парваришлашга халал бермайди. Қолаверса, гули ниҳоятда хушбўй бўлгани боис асаларичиликда кенг фойдаланиш мумкин. Япроғини салқинда сўлитиш орқали чорва озуқасига айлантирса бўлади. Шунча даромадни бир четга сурамизда, бир гектар майдонга экилган павлония дарахти етти йилда қанча даромад беришини ҳисоблаб чиқамиз.

Биология фанлари доктори, профессор Алишер Тўраевнинг ҳисоб-китоб қилишича, бир гектар майдонда 625 туп павлония дарахтини парваришлаш имкони мавжуд. Ҳар бир дарахт 7 йил мобайнида 1 кубометрдан ортиқ ёғоч маҳсулотини беради. 1 кубометр тахтанинг бугунги кундаги ўртача нархини 300 доллардан эканлигини ҳисобга олсак, 625 кубометр ёғочнинг нархи 187 минг 500 долларни ташкил этади.

— Кўпчиликка айтсангиз, павлония дарахтини реклама қиляпти, деб ўйлайди, — дейди фермер Муроджон Қурбонов. — Ваҳоланки, бунга ҳожат ҳам йўқ. Ҳатто бир йиллик кўчатларимга харидорлар шу қадар кўпки, уни етти йиллик дарахтга айлантира олишимга ҳам ақлим етмай қолди, тўғриси. Мақсадим ягона! У ҳам бўлса, ҳамюртларимиз даромад топишни ўрганишсин, шу орқали болаларини илмли қилсинлар, тўкин яшасинлар.


Саминжон ҲУСАНОВ, xs.uz

AGROBLOGER канали

Report Page