...

...

AGROBLOGER

Жорий куз-қиш мавсумида ўзбек бозорида сотилаётган цитрус мевалар кескин қимматлади. Мандарин нархларининг ўсиши 60 фоизни ташкил этган бўлса, апельсин нархлари 33 фоизга кўтарилди. Хўш, нархлар бундай кескин ўзгаришининг сабаблари нимада?

2020 йилда цитрус мевалар, шу жумладан, музлатгичли юк машиналарида ташилган мандаринлар учун юк нархи 2019 йилдаги нархга нисбатан ўзгармаган. Бундан ташқари, хориждан импорт қилинган мандаринларнинг арзонлигига қарамай, Ўзбекистонда импорт божларининг ўзгармай қолиши (20 фоиз, шу билан бирга 1 кг учун 20 центдан кам эмас) ҳамда пандемия туфайли транспорт маршрутидаги муаммолар сабаб ички бозорда импорт қилинган цитрус мевалари нархлари сезиларли ошган. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан эълон қилинган таҳлилда маълумот берилган. 

Институт лойиҳалари доирасида ўзбек бозорида цитрус мевалар нархи куз-қиш мавсумида кескин ошиб кетгани сабаблари ўрганилган. Лойиҳа муаллифларига кўра, цитрус мевалар импорт қийматининг умумий ҳажмида энг катта улуш мандаринлар импортига тўғри келади.

Бу 2019 йилда – 67,1 фоизни, 2020 йилда – 72,8 фоизни ташкил этди. 2020 йил 1 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистон 11та хорижий мамлакатдан 4 миллион АҚШ доллари миқдорида 23,8 минг тонна мандарин импорт қилди. Шундай қилиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан импорт 2,8 миллион долларгакамайди. Одатда Ўзбекистонга энг катта мандарин етказиб берувчилар рейтингида Покистон етакчи ўринни эгаллайди, ундан кейин Хитой ва Туркия.

2020 йилда Покистондан мандаринларни ташиш икки йўналишда амалга оширилди. Биринчи йўналиш бўйича, транспорт Афғонистон орқали Покистондан Ўзбекистонга, иккинчи йўналиш орқали Покистондан Хитойга, кейин Тожикистон ва Ўзбекистонга совитилган юк машиналари орқали амалга оширилди.

«Агар 2019 йилда мандаринларни ташишни кўриб чиқсак, маршрутда денгиз компоненти ҳам бўлганлигини кўришимиз мумкин. Покистондан мевалар Эроннинг Бандар Аббос портига, кейин портдан Эрон темир йўл станциясига ва Туркманистон орқали Ўзбекистонга етказиб берилди», — дейилади тадқиқот ҳисоботида.

Бундан ташқари, 2020 йилгача Афғонистон орқали Покистондан Ўзбекистонга мандаринлар кичик партияларда етказиб берилган. Ушбу йўналиш бўйича транспорт 2020 йил март ойининг бошларида Туркманистон-Эрон чегараси ёпилганлиги сабаб тўхтаб қолди. Бу Шимолий-Жанубий коридор бўйлаб давлатлараро логистикада транспорт воситаларининг кескин пасайишига ва Ўзбекистоннинг Эронга йўналтирилган темир йўл транспорти, экспорт ва транзит юклари ҳажмининг ўртача 2 фоиз ва 2,3 фоизга камайишига олиб келди.

Расмий маълумотлар шуни кўрсатадики, мандаринларни Покистондан Ўзбекистонга олиб ўтиш 2020 йил январидан мартигача ва ноябрдан декабргача амалга оширилган.

Шунингдек, темир йўл транспорти мутахассислари билан суҳбатларда маълум бўлдики, пандемиядан олдинги даврда йўловчи поездларида йилига ўртача 4-5 минг тонна мандарин (жами импортнинг 18-20 фоизи) республикага чакана савдо билан шуғулланадиган йўловчилар томонидан олиб кирилган.

Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспортида йўловчиларни, багажни ва юкларни ташиш қоидаларининг 66-моддасига мувофиқ, «ҳар бир йўловчи ўзи билан 36 кг дан ошмайдиган қўл юкини олиб юриш ҳуқуқига эга». Аммо 2020 йил март ойида пандемия туфайли йўловчи поездлари бекор қилинди ва шунга кўра, цитрус мевалар импортининг расмий равишда қисқариши билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг ички бозори ҳам ҳисобга олинмаган етказиб беришни йўқотди. Бу таъминотнинг сезиларли даражада пасайишига ва шунга мувофиқ нархларнинг ўсишига олиб келди.

2020 йил 29 декабрда Покистон Бош вазири Покистон ва Ўзбекистон ўртасида (Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар) темир йўлини қуриш учун маблағ ажратиш тўғрисида қўшма мурожаатни имзолади. Ушбу темир йўл юк ва йўловчиларни ташишда фойдаланилади. Бу икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқни, шу жумладан, мева-сабзавот маҳсулотлари савдосини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади ва маҳсулот етказиб бериш учун транспорт харажатларини камайтиради. Янги иқтисодий йўлак товарлар айланмасини бирмунча соддалаштириши мумкин.

Хориждан импорт қилинган мандаринларнинг арзонлигига қарамай, Ўзбекистонда импорт божларининг ўзгармай қолиши (20 фоиз, шу билан бирга 1 кг учун 20 центдан кам эмас) ҳам пандемия туфайли транспорт маршрутидаги муаммолар сабаб ички бозорда импорт қилинган цитрус мевалари нархлари сезиларли ошишига омил бўлган.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда цитрус меваларнинг қимматлашуви тўлалигича пандемияга боғланмайди, нархлар қимматлигининг асл сабаби импорт божи ставкасининг баландлигидир. Мандарин ва апельсин каби цитрус мевалар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаслиги сабабли, ставкани бундай юқори даражада ушлаб туриш мақсадга мувофиқ эмас. Божхона тўловларини пасайтириш Ўзбекистон бозорини паст нархларда цитрус мевалар билан тўлдиради.


@AGROBLOGER канали

kun.uz


Report Page