...

...

AGROBLOGER

Мевали дарахтлардан муттасил мўл ҳосил олишга қаратилган агротехник тадбирлар комплексида дарахтларга тўғри шакл бериш, буташ, шохларни сийраклаштириш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тадбирлар ҳаво ҳарорати +5 оС дан юқори бўлган кунларда амалга оширилади.

   Олма, нок, беҳи, ўрик, гилос ва олхўри дарахтларининг кўпчилик навларига шакл беришда асосан сийрак ярусли шакл қўлланилади. Уруғ мевали боғларда шакл бериш, сийраклаштириш ва буташ ишлари тугаллангандан сўнг, данак мевалиларга ўтилади. Бунда аввал ўрик, олхўри, гилос, олча ва шафтоли дарахтлари буталади.

  Ўрик дарахтлари дастлабки йилларда кучли ўсганлиги боис олти-етти ёшгача бўйига ўсган шохларида ҳосил куртаклари бўлади. Бу даврда уларда ён шохчалари суст ўсади. Бундай шохларни уларда ён шохчалари яхшироқ ўсиб чиқиши учун учдан бир қисмига ёки ярмига қисқартирилади. Кейинги буташларда навбатдаги тартибда ўсган ортиқча шохлар олиб ташланади ва шохлар бироз қисқартирилади. 20–25 ёшли ўрик дарахтларида ўсиш жараёни секинлашиб, ҳосилдорлик пасайиб боради. Бу даврда дарахтлар икки-тўрт йиллик шохи бутаб ташланади.

  Қариган ёки ўсиши сусайган дарахтларни беш-олти йиллик шохигача бутаб, ёшартирилади. Олхўрининг кўпчилик навларида мева тугиш органлари қисқа бўлиб, улар икки ва кўп йиллик шохларда жойлашган бўлади. Айрим навларда бир йиллик шохчаларда ҳосил бўлиши кузатилади. Ёш олхўри дарахтининг шох-шаббасига шакл беришда шохларнинг пастки қисми яланғочланиб қолмаслиги учун шохлар сийраклаштирилади ва қисқартирилади.

  Шох-шаббаси тик ўсган, кучли шохланадиган навларда биринчи тартибдаги асосий шохлар қисқартирилиб, иккинчи тартибдаги ён шохлар баландлигида кесилади. Бу шох-шаббанинг ёйилиб ўсишига имкон беради. Шох-шаббаси ёйиқ дарахтлар агар шохлари суст ўсса, сийраклаштирилади. Шохлар фақат уларнинг ўсишини тартибга солиб туриши учун қисқартирилади.

  Узун ўсган (50–60 см) ва эгилиб қолган шохлар қисқартирилади. Шохларнинг ўсуви 15–20 см. гача камайганда ёшартириш мақсадида асосий шохлар икки-уч йиллик шохигача қисқартирилади. Ўсув жуда ҳам камайиб кетганда, дарахтлар янада кўпроқ буталади. Гилос дарахти кучли ўсиши ва кам шохланиши билан фарқ қилади. Кучли ўсган шохларнинг пастки қисмида куртаклар кам ривожланади.

   Куртаклар уйғониши ва асосий шохларда ёш шохчаларнинг ўсиб чиқишини кучайтириш мақсадида асосий шохлар қисқартирилади. Бундай буташ усули ўсувчи дарахтлар ёш чоғида ва ҳосилга кира бошлаганда шох-шаббага шакл бериш учун қўлланилади. Ёш дарахтларнинг узунлиги 40–45 см. ли новдаларини чилпиш ҳам яхши натижа беради ёки узун новдаларни эгиб, ярус ҳосил қилинса, ундан куртаклар чиқа бошлайди.

  Шохларни қисқартириш ва чилпиш шох-шаббани ихчам қилади, шохларда ўсув новдаларини кўпайиши ва даста шохларнинг ўсишига ёрдам беради. Олча дарахти бошқа дарахтларга нисбатан кам буталади. Фақат зарур бўлганда қалинлашиб кетган шох-шаббалар, синган, қуриган ва қарий бошлаган шохлари олиб ташланади. Олча қариб, ўсиши сусайган (10 см) ёки ҳосили камайиб кетган даврда дарахт ҳолатига қараб, уч-беш йиллик шохигача кесиб ёшартирилади.

   Тик ўсадиган навлар кўпроқ шохлари ёйилиб, косасимон ўсганлари камроқ кесилади. Шафтоли дарахти экилган йили уч-бешта она шохдан шох-шабба ҳосил қилиниб, косасимон шакл берилади. Шафтолининг кучли, баланд ўсадиган навларини шох-шаббаси тўрт-олти она шохдан иборат ўзгарган лидерли тизим бўйича ҳам шакл бериш мумкин. Биринчи шох 35–40 см баландликда, қолганлари бир-биридан 15–20 см масофада бўлиши керак. Тўртинчи йили етакчи новда (лидер) кесиб ташланади.

   Шафтоли дастлабки йилларда тез ўсади, кўп шох чиқаради ва тез мева бера бошлайди. Мевалар бир йиллик шохларда ҳосил бўлади, шафтоли буталмаса, шох-шаббаси қалинлашиб, ички қисмидаги шохларнинг барги тўкилиб кетади, мевалари фақат ташқи шохларда ҳосил бўлади.

  Жорий йилнинг қиш ойларида ёғингарчилик ўтган йилларга нисбатан 1,5–2 баробар кам бўлди. Шу боис боғ-токзорларда тупроқда намликни сақлаш ва уни тўплашга қаратилган агротадбирлар ўтказилиши зарур.

  Январь ойида яхоб суви берилмаган бўлса, бу тадбирни февраль ойида 1–2 марта амалга ошириш зарур. Бунда ҳар гектарга 1500–2000 м3 сув сарфланиб, 4–5 кун давомида суғорилади.

 Яхоб суви билан сифатли суғорилган боғларда дарахтлар ва токларнинг асосий илдизлари жойлашган қисмлари яхши намланади ҳамда токларни қўзғалиш энергияси юқори бўлади. Яхоб суви бериб суғорилганда тупроқ 2 м чуқурликкача тўлиқ намланади. Натижада бу ўсув даврида боғларда 1–2 марта суғоришни қисқартиради, бошқача айтганда 700–1400 м3 сув тежалади.

 Февраль ойининг охири мартнинг бошларида боғларда мевали дарахтлар танаси оқланади. Бунда 10 л сувга 2 кг оҳак ва 1,5 кг тупроқни аралаштириб, дарахтларнинг танаси ва она шохларини оқлаш зарур. Дарахтлар буталиб, шакл берилгандан сўнг ҳаво ҳарорати +5оС дан юқори бўлганда, куртак чиқармасидан олдин уруғ мевали дарахтлар парша (қўтир) касаллиги (монилиоз куйиш) монилиозга қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5о ли ООҚ билан жиққа ҳўллаб ювилади. 10–12 кундан кейин пуркаш ишлари такрорланади.

 Данак мевали боғларида (ўрик, шафтоли, олхўри, гилос) монилиоз, клястероспориоз, гоммоз ва барг бужмалоқлигига қарши 5о ли ООҚ ёки 3 фоизли Бордо ёки 1 фоизли мис купороси ёки 2–3 фоизли темир купороси билан эрта баҳорда куртаклар бўртиш арафасида ишлов берилади.

  Янги боғ ва токзорлар ташкил қилиш учун танлаб олинган ерларни экишга тайёрлаш ва режалаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, хатоси бор боғларнинг ораларини кўчатлар билан тўлдириш, токзорларда таъмирлаш ишлари темир бетон устунларни тўғрилаб қўйиш, симларни тортиш ишлари амалга оширилади.

  Боғ ва токзорларда суғориш иншоотларини тозалаш, минерал ўғитлар ва кимёвий препаратларни жамғариш, боғлар ва токзорларда ишлатиладиган техника ва механизмларни таъмирлаш ишларини якунлаш керак. Ушбу тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши боғ-токзорлардан мўл ҳосил олишга пухта замин бўлади.

agro.uz

@AGROBLOGER

Report Page