...
AGROBLOGERНаманган вилоятининг Мингбулоқ туманида яшовчи Алижон Рўзибоев бугунги кунда данғиллама ҳовли, кўркам офис ва Captiva машинасига эга. Уларни кўриб, қаҳрамонимиз бундан атиги уч йил аввал хорижда оддий ишчи бўлиб юрганига ишониш қийин. Бунга қандай эришганини унинг ўзидан билиб оламиз.
Олий маълумотли муҳожир
Наманган муҳандислик-технология институтини тамомлаганман, маълумотим бўйича муҳандисман. Пахта заводи, мелиорация тизимида ишладим, лекин бирим икки бўлмади. Охири Россияга кетдим, 10 йилдан ошиқ ўша ерларда юрдим. Техникани, темирни яхши тушунганим учун кўпроқ пайванд ишлари билан шуғулланардим. Кейин Туркияга кетдим. Ҳаётимни буткул ўзгартириб юборган воқеа ҳам ўша ерда юз берди.
Иссиқхонада ишлаётгандик. Турклар помидор ва бодринг кўчатларини қандайдир майин ўғит билан парваришлаётганини кўриб қолдим. Нима эканлигини сўрадим. Биогумус эканлигини айтишди. Шундан кейин интернетни титкилаб, Ўзбекистонда кимлар бу иш билан шуғулланишига қизиқдим. Энг каттаси андижонлик Рустам Усмонов, халқ тили билан айтганда, «Рустамбанк» экан. Ватанга қайтгач, тўғри у кишининг олдига ўтдим. Маслаҳатлари, йўл-йўриқларини олдим. Яхши бизнесга ўхшади. Таваккал етти миллион сўмга етти яшик Калифорния чувалчангини харид қилиб, уйга қайтдим.
Тўполоннинг каттаси уйда бўлди. Хотин «Етти миллионга ҳам чувалчанг оладими, эсингизни еб қўйибсиз» деб тоза хуноб қилди. Чувалчангларни кўпайтириш учун машинада гўнг олиб келиб, уйдаги томорқага тўкаётганимни кўрган ошна-оғайнилар ҳам «қилгани бошқа иш йўқми, йиғиштир» деб ҳазил-ҳузул қилишди. Ўшанда қаердан бундай ишонч бўлганини билмайман. «Ҳозир сенлар кулавер, икки йилдан сўнг Captiva олиб минаман» дегандим ва айтган гапимнинг уддасидан чиқдим.
Тарқоқ ва дангаса ўзбек ҳамда уяпарвар ва серпушт Калифорния чувалчанглари
Андижондан олиб келган чувалчангларни 10 квадрат метр майдонга ташладим, 2,5 ойда кўпайди. Кейин 50, ундан сўнг 100 квадрат. Ҳозир 1,500 квадрат метр майдонда чувалчанг етиштириб, биогумус оламан. Ўзи биогумус нима, унинг қандай фойдаси бор дейсизми?
Худойим экинлар учун тупроқни, уни яшартириш ва ҳосилдорлигини ошириш учун чувалчангларни яратган. Чувалчангларнинг ичагида гумин кислотаси бор. Ундан ўтган гўнг шу кислота билан тўйиниб, ўсимликлар учун она сутидек таъсир қиладиган энг зўр ўғитга айланади. У оддий ўғитга қараганда камида 10 баравар кучли ва табиий бўлади.
Баҳорда уйимдан 20–30 тонна биогумус олиб кетганлар бўлди. Чунки ундан олдинги йили харид қилган деҳқонларда ҳосилдорлик яхши бўлган, мевалар, қовун-тарвузларнинг етилиши ҳам камида 15 кунга илгарилаган. Ўғитдан солинган кўчатларнинг иммунитети бақувват бўлади, касалликка чалинмайди.
Барча экинлар, хусусан, гуллар, цитрус мевалар, помидор-бодринг ва полиз экинлари учун нафи катта. Андижонда тажриба тариқасида буғдой далаларига ҳам сепишибди, натижасини кутяпмиз.
Ҳозир камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилалар ўзини тиклаб олиши учун кўмак бериш ҳақида кўп гапириляпти. Масалан, биз олиб бораётган бизнес катта харажатни талаб қилмайди. Бир марта сармоя тикасиз. Бўлди, шу бир умр сизни ҳатто фарзанд ва набираларингизни ҳам боқади.
Кераги — ер, сув, гўнг ва чувалчанглар. Гўнг қишлоқ шароитида муаммо эмас. Зовур ёки закан суви етади. Бино ёки катта дастгоҳ, қиммат ускуналар шарт эмас. Уй шароитида бошласа ҳам бўлади. Ҳозир маҳалламизда 50 киши шу иш билан шуғулланяпти. Уларнинг орасида бир пайтлар мийиғида кулганлар ҳам бор.
Кўпчилик «Нега ўзимизнинг чувалчанглардан биогумус олиб бўлмайди?», деб сўрайди. Гап шундаки, Калифорния чувалчангида уясини ташлаб кетиш инстинкти йўқ, серпушт, тез тухумлайди ва кўпаяди. Тасаввур қилишингиз учун айтаман: бир йилда битта Калифорния чувалчанги 1,5 мингтагача кўпаяди. Иссиқ-совуқ демайди, қишин-ёзин ишлайди.
Бизнинг маҳаллий чувалчанглар эса, биринчидан, дангаса. Иккинчидан, тарқоқ. Бир жойга тўплаб қўйсангиз, ҳеч қанча ўтмай тарқалиб, қочиб кетади...
Гул дўкони, чорва ва қишда пишадиган қулупнай
Томорқага сиғмай қолгач, ҳокимликдан ер сўрадим. «Бўш экин майдони йўқ, лекин эплолсангиз чўл ҳудудида ташландиқ жойларимиз бор», дейишди. Бордим, кўрдим. Кенглиги ёқди, катта автомобиллар ҳам бемалол бораверади.
1,3 километр масофага электр тармоғи тортдим, 60 метр чуқурликдан сув чиқариб, учта қудуқ кавладим. Биогумусни майин кўринишга келтириш учун биз «сепаратор» деб номлайдиган қурилмани ўрнатдик. Майин ўғит қимматбаҳо гулларни етиштирадиган гулчилар учун керак, уларнинг талабини инобатга олдик.
Мингбулоқ тумани марказида ўзимиз ҳам гул дўкони очдик. Биогумусни ўзини соцангиз, кўпчиликни жалб қилмаслиги мумкин. Шунинг учун бир томонга гуллар, иккинчи томонга эса қадоқланган ўғитларни жойлаштирдик.
Далада қоплаб, дўконда эса килолаб сотяпмиз. Бир пайтлар мени роса койиган аёлим энди келин билан бирга шу ерда гул ва ўғит сотиб ўтирибди.
Фақат биогумус эмас, балки балиқ ови ишқибозларига чувалчанглар ҳам сотамиз. Халтачага 60–70 та чувалчангни бир сиқим гўнг билан соламиз ва дўконларга тарқатамиз. Балиқ хўраги учун олишади. Халтачаси 5 минг сўм, бир кунда 100 та соцак, ярим миллион бундан ҳам даромад.
Гўнг ўзимиздан чиқсин деб чорвани кўпайтирдик. Ҳозир 15 тача молимиз бор.
Ўғлим биогумус сотиш учун Қирғизистон билан чегарадош чекка қишлоққа борганида қулупнайнинг совуққа чидамли «Қора шаҳзода» деган навига қизиқиб қолган экан. Шундан олиб келиб, тувакларда кўпайтирди. Ноябрь охирига келиб улар улар ҳам аста-секин етиляпти. Яхшилаб ўрганиб олиб, кейин иссиқхонага олиб ўтамиз.
Яна бир ўғлим фаолиятимизни ижтимоий тармоқда тарғиб қилиш билан банд. Ҳозир YouTube’даги каналимизга чувалчангларни парваришлаш ва биогумус олиш билан боғлиқ элликдан ортиқ видео жойлаганмиз. Хуллас, тинмаяпмиз.
«Ўзбекистонга араб шайхларининг пулларини олиб келамиз»
Меҳнатнинг роҳатини кўрадиган пайтлар келяпти. Чувалчангларнинг ортидан уйни янгиладик, машина олдик, тўй қилдик. Ҳозир тайёрлаётганимиз — 100 тонна биогумус. Бу йилига камида 150 миллион сўм дегани. Яна чувалчангларни сотиш орқали 50 миллион сўм ишлаб топиш мумкин. Ҳисоблаб кўрсам, 2,5 йилда 500 миллион сўмга яқин даромад олибман. Энди фаолиятимни янада кенгайтириб, шу суммани икки баробар кўпайтирмоқчиман.
Рақобатдан қўрқмайман — бу ишга қўл урганларнинг кўпчилиги шогирдлар ёки ҳамкорлар. Харидор эса доимо топилади, чунки дунёда, хусусан, Европа ва Америкада табиий усулда етиштирилган органик маҳсулотларга талаб жуда юқори.
Ўзбекистоннинг барча вилоятларига ўғит етказиб беряпмиз. Энди экспортни ҳам йўлга қўйиш ниятимиз бор. Чунки бизда бир килограмм биогумус 1,5–2 минг сўм бўлса, хорижда 1–2 доллар. Араб давлатлари, хусусан, Дубай томонларда биогумусга катта эҳтиёж бор. Улар шаҳарларга ёпирилаётган қум бўронларини бартараф этиш учун яшил ҳудуд барпо этмоқчи. Бунинг учун эса кўчатлар ҳамда табиий ва арзон ўғит керак.
Буюртмалар бўлди ҳам. Уларни талабини қондириш учун фирма, омборхоналар ва қадоқлаш ускуналари керак. Фирма очдик, қадоқлашни йўлга қўйдик, энди омборхонага ҳаракат. Хуллас, Ўзбекистонга араб шайхларининг пулларини олиб келамиз насиб...
Муаллиф: Азизбек Абдувалиев
daryo.uz
AGROBLOGER канали