ᅠᅠ

ᅠᅠ

1 RAQAMLI MEDIA БЕПУЛ ТАЪЛИМ ТАҲРИРИЯТИ
ЛЕОНАРДО ДЕЛЬ ВЕЧИО: МУВАФФАҚИЯТ ТАРИХИ.
Дунё бўйича энг бой одамларнинг бири Леонардо Дел Вечио ҳақида маълумотга эгамисиз? Кимлар уни «қирол» дейди, аниқроғи «кўзойнаклар қироли» дейди. Баъзилар уни машҳур Италиян рассоми Леонардо Да Винчига таққослаб «иккинчи Леонардо» деб атайдилар.
Леонардо Дел Вечио кўзойнак ишлаб чиқариш бўйича дунёда энг машҳур Luxottica Group (Люксотика) компаниясининг асосчиси ва раҳбари. Luxottica Group компаниясининг дунё бўйича тан олинишига асосий сабаб унинг асосчиси ва раҳбарининг меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги, ғайрати ва шижоатидир.
Леонардо Дел Вечио ўзи ким? Қандай оилада дунёга келган? Унинг муваффақиятининг сири нимада?
Ёшлиги.
Леонардо Дел Вечио 1935 йил Италиянинг Милан шаҳрида камбағал оилада дунёга келди. У отасиз ўсди. Онанинг бир ўзи беш нафар фарзандни тарбиялашда қийналганлиги сабабли, ёш Леонардони Агордо шаҳарчасидаги болалар уйига топширди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги қийин даврда 14 ёшли Леонардо автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи заводга ишга киришга мажбур бўлди. Аммо, Леонардо замонавий кўзойнаклар яратишни орзу қиларди. Шуни таъкидлаш керакки, бу орзу бежиз эмас эди. Леонардо тарбия олган болалар уйи жойлашган Агордо шаҳарчасида истиқомат қилувчи аҳолининг кўпчилиги кўзойнак ишлаб чиқариш билан шуғулланар эди. Тўғри, уларнинг кўзойнакларининг аксарияти фақат сариқ рангдаги пластикдан ясалган бўлиб, дизайни ҳам чиройли бўлмаган.
Тадбиркорлик фаолияти.
Леонардо Дел Вечио заводдан бўшаб бир кўзойнак ясовчи уста қўл остида 19 ёшигача ишлади. Урушдан кейинги бир неча йилдан сўнг иқтисодиёт аста секинлик билан ривожлана бошлаган, одамлар ўзларини кийимларига ва яшаш шароитларига аҳамият бера бошлаган даврда, Леонардо ўз бизнесини бошлашга қарор қилди. Юқорида таъкидлангандек, Леонардо истиқомат қилган ҳудудда кўзойнак ишлаб чиқариш бўйича рақобат жуда кучли эди. Бундай вазиятда кўзойнакни янги модели ишлаб чиқариш осон бўлмаган. Пухта тайёргарлик кўриш учун вақт керак эди. Ва шундай вақт ҳам келди. 1961 йил Агордо шаҳарчасида Леонардо Дел Вечио томонидан Luxottica компаниясига асос солинди. Дастлабки даврда бу компанияда 10 нафар ишчи меҳнат қилган. Компания кўзойнакларнинг замон талабига жавоб берадиган чиройли дизайли моделларини яратишни йўлга қўйди. 1969 йил компания фаолиятида бурилиш йили бўлди. Авваллари маҳсулот ишлаб чиқариш учун баъзи бир эҳтиёт қисмларни бошқа компаниялардан шартнома асосида харид қилинган бўлса, эндиликда Luxottica компанияси кўзойнакларни барча турини мустақил ишлаб чиқаришга эришди.
Муваффақият.
1971 йил Леонардо Дел Вечио ўз маҳсулотининг бир неча нусъҳаси билан Милан шаҳрида ташкил этилган халқаро кўргазмада иштирок этди. Кўргазмада Дел Вечио катта муваффақиятга эришди. Luxotticа кўзойнакларига катта миқдорда буюртма берилди. Харидорлар сони кескин кўпайиши туфайли, даромад ҳам шунга яраша ошди.
Дел Вечио ушбу муваффақиятни ушлаб туриш осон бўлмаслигини яхши билар эли. Энди фақат маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзи камлик қилар эди. Офтальмолог тадқиқотларни олиб бориш ва ишлаб чиқариш усулларни такомиллаштириш учун махсус лаборатория ташкил этиш керак эди. Шунингдек, етакчи тиббий марказлар билан ҳамкорлик қилишни ўзи камлик қилиб, компаниянинг ўзида малакали тиббий ходимларни ишга олиш зарур эди. Ушбу тадбирлар амалга оширилгандан сўнг Luxottica ишлаб чиқарган маҳсулотларининг барча турлари юқори сифати билан ажралиб турар эди.
Леонардо Дел Вечио ишлаб чиқаришни барча жабҳаларини ўз назоратида ушлаб турди. Luxottica маҳсулот тарқатувчи Scarrone компаниясини ўз қаноти остига олгандан сўнг, Леонардо ҳар-хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ғоясидан тортиб, дўконда сотилишигача бўлган жараённи ўз назорати остига олди. Дел Вечио нафақат бозордаги талабни яхши тушуниш, балки рақобатчилардан кўра узоқни кўра олиш қобилиятига эга эди. Шу билан бирга Дел Вечио нафис дидли инсон. У ўзи яратган маҳсулотлари билан инсонларга завқ бағишлай олди.
Леонардо Дел Вечио аста-секинлик, аммо қатъийлик билан аввал Европада, кейин Африкада, ундан кейин Лотин Америкасида, охирида Шимолий Америка ва Хитойдаги оптика билан савдо қилувчи шохобчаларини ўз қўли остига олди.
Брендлар.
Дел Вечио яна бир оламшумул ишни амалга оширишга қарор қилди.
Гап шундаки, ўша даврда Chanel, Versac, Donna Karan, Dolce & Gabbana маҳсулотлари дунё бозорини эгаллаган эди. Аммо, бу компаниялар инсон учун зарур бўлган сумка, соябон ва кўзойнак ишлаб чиқаришга аҳамият бермаганлар. Бозор талаби эса харид қилган кийимлар билан бирга сумка, соябон ва кўзойнак ҳам машҳур компанияларга тегишли бўлишини тақозо қилар эди.
Бозор талабини тезда англаган Дел Вечио машҳур Париж ва Милан модалар уйлари билан шартнома тузишни режалаштирди.
Шу мақсадда Леонардо Дел Вечио дастлаб машҳур Италиян модельери Жорджо Армани билан музокара олиб борди. Бунинг натижасида Жорджо Армани Luxottica компаниясига тегишли бўлган Delfin SARL молиявий гуруҳи билан шартнома имзолади. Кейинчалик, яъни 1989- йилдан 2009 - йилгача дунёга машҳур йигирмадан ортиқ компаниялар билан шартнома тузилди.
ХХ- асрнинг 90- йилларида Леонардо дунёда энг катта бозор бўлган Америка бозорига киришга қарор қилди. 1995 йилда АҚШнинг деярли барча штатларида оптика билан савдо қилувчи LensCrafters компаниясига тегишли бўлган тахминан 900 дўконни сотиб олди.
1999 йил Дел Вечио АҚШда иккинчи катта харидни амалга оширди. У ҳар- хил турдаги кўзойнак ишлаб чиқарувчи машҳур «Ray-Ban», «Arnette», «Killer Loop» ва «Revo» савдо маркаларини 640 миллион долларга сотиб олди.
Luxottica Group
Ҳар қандай корхонада сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш бу мураккаб жараён. Luxottica Group корхоналари ҳам бундан мустасно эмас. 1995 йил Luxottica бир кунда 70 минг, йилида 15 миллион дона кўзойнак ишлаб чиқарган. 1999 йил маҳсулот ишлаб чиқариш бир кунда 81 минг донага етказилди. Бу муваффақият осонликча қўлга киритилмаган. Леонардо Дел Вечио корхонада кунида 20 соатлаб ишлар эди. Фақат ёз фаслида бир ой дам олиш учун Франциянинг Нисси шаҳри ёнида жойлашган Боле курорт шаҳарчасида дам олишга боради.
Luxottica Group ҳар- хил турдаги кўзойнак ишлаб чиқариш бўйича дунё етакчиларидан бирига айланди. 2011 йилда 6,2 миллиард евролик маҳсулот сотилди. Соф фойда 452,3 миллион еврони ташкил этди. Luxottica Group ўз маҳсулотларини дунёнинг 130 давлатида сотилишига эришди.
2011 йилда компания корхоналарида 65 минг ишчи меҳнат қиларди. Ишчиларнинг компания акцияларидан ўз улушлари бор. Агар, 1990 йилда Luxottica Group акцияларининг бир донаси 1 долларга баҳоланган бўлса, 2011 йилга келиб бир дона акция 25 долларга баҳоланган.
Компания корхоналарида меҳнат қилаётган ишчиларнинг маошлари юқори бўлиш билан бирга, улар ҳар тарафдан ижтимоий ҳимояланганлар.
Ишни чиройли кўзойнак ишлаб чиқаришни ният қилишдан бошлаган Леонардо Дел Вечио, бир неча йилдан сўнг Америка, Италия, Хитой ва Россия давлатларида фаолият олиб бораётган юздан ортиқ корхонага эга бўлган империя яратди.
Luxottica Group компаниясининг муваффақияти нафақат замонавий бизнес технологияларини мукаммал билиш, балки Италия оптик саноатини қадриятларига ҳурмат билан муносабатга бўлганлигидир. Бундай қадриятлар билан Museo Luxottica музейида танишиб олиш мумкин. Музейда XVII асрдан бошлаб Италия, Франция, Ҳиндистон, Англия, Голландия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқилган кўзойнаклар жамламаси ўрин олган. Бу қадриятлар Luxottica Group компаниясининг ҳозирги авлод ишчи ва хизматчиларини янги марраларни заб этишга илҳомлантиради.
Оила ва хайрия ишлари.
Леонардо уйланган. У турмуш ўртоғи билан тўрт қиз ва уч ўғилни тарбиялаб вояга етказган. Унинг ўғилларидан бири Клаудио афсонавий Brooks Brothers дўкони соҳиби. Қизи Мариса Luxottica компаниясининг музейига раҳбарлик қилади.
Леонардо Дел Вечио муҳтожларга ёрдам берувчи OneSight жамғармасининг асосчиси. 1988 йилдан бери дунё бўйича 8 миллиондан ортиқ одамга моддий ёрдам кўрсатган. Шимолий Америкада тўртта, Мексикада битта кўз клиникасига асос солган. Шунингдек, ҳар йили кўриш муаммоси бор инсонлар учун 40 минг доллар хайрия қилади.
Forbes журналининг 2018 йил бошида берган маълумотига кўра Дел Вечио дунёнинг энг бой одамлари рейтингида 47- ўринни, Италиянинг энг бой одамлари рейтингида 2-ўринни банд қилган. Унинг бойлиги 21,9 миллиард долларга баҳоланган.
Биз сизга бизнес оламида шундай муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Манба: moneymakerfactory.ru

Report Page