ᅠᅠ

ᅠᅠ

1R.MEDIA
МОЛИЯВИЙ БИЛИМ НИМА УЧУН МУҲИМ?
Бой отанинг фикрича фарзандларга ёшликдан молиявий билим бериш керак. Ўқувчиларга мактабда кўп нарса ўргатилади, аммо пул билан муомала қилиш ўргатилмайди. Натижада, катталарнинг аксариятини пул ҳақида билими болаларникидан кўп эмас. Бу нарса молия соҳасида меҳнат қилувчиларга ҳам тегишли, акс ҳолда барча бухгалтерлар ва молиячилар бадавлат бўлишар эди. Чунки молиявий билим фақат рақамларни ҳисоблаш эмас, балки молияни турли жиҳатларини билишдир.
Молиявий билимингизни доимий ошириб боринг:
- Ҳар қандай бизнеснинг ички қисмини яхшилаб тушуниш учун бухгалтерия ҳисоботини ўрганинг. Бухгалтерия ҳисоботи бизнеснинг қон томири ҳисобланади.
- Инвестиция қилишни ўрганинг. Инвестиция бизнеснинг ижодий томони ҳисобланади.
- Бозорни ўрганинг, ундаги – талаб, таклиф ва эҳтиёж ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлинг.
- Қонунни ўрганинг. Бу билим сизга солиқларни ҳаққоний ва самарали тўлашга, ҳар доим қонун доирасида ҳаракат қилишга, сизга қарши ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлардан ва суд жараёнларидан ҳимоя қилади.
Нима учун молиявий билимни ошириш керак, ахир бухгалтерия ҳисоботи дунёдаги энг қизиқарли фаолият эмас, уни ўзлаштириб олиш учун кўп вақт ва ҳаттоки пул талаб этилади. Молиявий билим аввало, қўрқувдан халос бўлиш учун зарур. Ён атрофимизга диққат билан назар солайлик, замонавий дунё ўзгармоқда, бу хол кўпчиликни юрагига ваҳима солади. Жаҳон бозорида нефть нархи пасаймоқда, молиявий инқироз авж олмоқда, ишсизлар кўпаймоқда. Бундай вазиятда молиявий билими бўлмаган одам шубҳасиз қўрқади ва ўзини ноқулай сезади. У худди қаттиқ шамол хар тарафга учириб кетиши мумкин бўлган арзимас хашакка ўхшаб қолади.
Аммо, молиявий билими бор инсон ҳар қандай оғир иқтисодий шароитда ҳам вазиятни назорат қила олади ва ўзи учун фойда олиш имконини топади.
Бой отани маслаҳатларига риоя этган Роберт, ўзининг молиявий билимини доимий равишда ошириб борди. ХХ асрнинг етмишинчи йиллардаги иқтисодий инқироз даврида, Роберт моддий томондан ютқазмади, аксинча катта моддий бойликка эга бўлди. У инқироз туфайли банкрот бўлган компанияларнинг кўчмас мулкларини арзон нархда сотиб олган. Оз фурсатдан кейин уни қимматроқ, аммо бозордан пастроқ нархда сотган. Бозор нархидан арзон бўлгани учун ҳам харидорлар кўп эди. Олди- сотди битимлари кетма-кет амалга оширилганлиги сабабли, у қисқа вақт ичида жуда катта миқдорда даромад олди. Кўриниб турибдики молиявий билим ва ҳаракат Робертга катта миқдорда пул топиш имкониятини берди. Албатта, ўшандай вазиятда катта маблағ топиш, бошқа шароитда, ҳуқуқ нормалари ҳар хил бўлган бошқа мамлакатда бундай ишларни амалга ошириш мумкин эмасдир. Шунинг учун Робертдан ўрнак олиб, у амалга оширган ишларни такрорлашга чақирмаймиз. Фақат молиявий саводхонлик пул топиш учун бошқалар кўрмаган нарсаларни кўришга ва тақдир тақдим этган имкониятлардан максимал даражада фойдаланишни ўргатишга ҳаракат қиламиз. Робертнинг устози бой отанинг фикрича, молиявий билим ҳар қандай хавфлардан қўрқмасдан ишонч билан олдинга ҳаракат қилишга асос бўлади. Бой одамлар одатда жасур бўладилар, уларнинг жасорати кўп нарсадан хабардорликка асосланган. Бундан ташқари, улар хато қилишдан қўрқмайдилар, чунки улар хатони йўқотиш сифатида эмас, балки дарс сифатида қабул қилишади. Бу ҳам оддий мактаб таълимининг яна бир камчилигидир. Мактабда ўқувчиларга хато қилмаслик ўргатилади, лекин айнан йўл қўйилган хато орқали дунёни англаш мумкинлиги ўргатилмайди.
Молиявий билими йўқ инсонга омад кулиб боқиб миллионлаб даромад келиб қолса ҳам, тез кунда бу маблағдан ҳеч нарса қолмайди. Дунё таниган машҳур спортчиларнинг кўпчилиги 24-30 ёшларида миллионлаб пул топишади, аммо 40-45 ёшга чиқиб бир центга муҳтож бўлиб, арзимаган пулга автомашина ювиш билан шуғулланадилар. ХХ асрнинг 90 йилларида Робертнинг дўсти Майкл отаси тузган империяни бошқарувини ўз қўлига олди ва отасидан олган билим сабаб ишларни янада ривожлантирди. Роберт катта бизнес лойиҳаларга сармоя киритиб, ҳеч нарсага аралашмаса ҳам катта даромадга эга бўлди. Роберт бу жараённи ёш дарахт ўтказишга ўхшатган. Йиллар давомида уни парвариш қилиб сув қуйиб турилади. Бир кун келиб дарахтга сув қуйишни ҳожати қолмайди, чунки уни илдизи бақувват бўлиб ҳосил беришни бошлайди. Роберт ўзини шу дарахт соясидан ҳам, унинг мевасидан ҳам бемалол фойдаланувчига ўхшатган.
Робертнинг гапига қараганда, катта муваффақиятларга эришиш учун актив билан пассивни яхшилаб фарқлаб олиш керак. Кўпчилик актив билан пассивни фарқлай олмайди. Сиз фарқлай оласизми? Балки сиз актив деб ўйлаганингиз пассивдир? Робертнинг устози бой отанинг фикрича актив билан пассивнинг фарқи нимада эканлигини билишни истасангиз кейинги мавзу шу ҳақида бўлади.

Report Page