ᅠᅠ

ᅠᅠ

1R.MEDIA

МУҲАММАД СОЛЛАЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ (4-ҚИСМ)

Мусулмонларнинг Мадинага ҳижрати.
Мушрикларнинг тазйиқи остида қолган мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижратга изн сўрай бошладилар, чунки улар Ясрибда ўз диндошлари уларга ёрдам беришларини яхши билар эдилар. Ана шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ҳижрат диёрингиз ҳақида хабар берилди. У Ясрибдир. Ким чиқмоқчи бўлса, ўша ёққа йўлга чиқсин”, дедилар. Баъзи мусулмонлар махфий равишда ҳижратга тайёрлана бошладилар. Ясрибга биринчи бўлиб ҳижрат қилиб келган мусулмон Абу Салама ибн Абдуласад бўлди. Аслида у Иккинчи Ақаба байъатидан бир йил олдин ҳижрат қилган эди. Ундан кейин Омир ибн Рабийъа аёли билан келди. Унинг хотини Лайло бинт Абу Ҳасма биринчи муҳожир аёл бўлди. Сўнг бошқа саҳобалар ҳам бирин-кетин ўта махфий равишда Маккани тарк этиб, Ясрибга ҳижрат қила бошладилар. Ясрибга Исломнинг киришига сабаб бўлган ҳолат ва шароитларнинг энг муҳими — Ясриб араблари самовий динларга энг яқин араблар бўлишган, чунки улар ўзлари билан қўшни бўлиб яшаётган яҳудийлардан кўп гапларни эшитишган эди. Шунингдек, Мадина яҳудийлари арабларга таҳдид қилиб, охирзамон пайғамбарининг чиқишига оз қолганини, улар ўша пайғамбарга эргашиб, арабларни йўқ қилишларини айтишар эди. Шунинг учун Мадина араблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга шошилдилар.
Қатл қилиш ҳақида маслаҳат.
Қурайш мушриклари мусулмонларнинг ҳижратидан безовталаниб қолишди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига эргашган кишиларга бориб қўшилишларидан хавотир ола бошлашди. Агар у зот Ясрибда турсалар, мустаҳкам марказ қуриб олишларидан қўрқишди. Қурайш Дорун-надвада жамланди. Йиғилганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш ҳақида маслаҳат қилишди. Абу Жаҳл ҳар бир уруғдан биттадан ёш йигитни танлаб олиб, уларга қилич бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бараварига ўлдиришни маслаҳат берди. Мажлисда иштирок этганлар унинг маслаҳатини қабул қилишди. Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга буни билдирди. Ҳазрати Алий Расулуллоҳнинг тўшакларига кириб ётди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига бордилар ва икковлари биргаликда йўлга чиқишди.
Маккадан чиқиб, Савр ғорига етиб олдилар. Мушриклар Алий розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб ўйлаб, кечаси билан пойлаб чиқишди. Эрталаб ёпирилиб кириб, Алийни кўрганларида Аллоҳ уларнинг макрларини пучга чиқарди. Улар: “Оғайнинг қани?” деб сўрашди. Ҳазрати Алий: “Билмайман”, деди. Қурайш мушриклари эса уларни яна ҳам жиддийроқ излашга тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Савр ғорига бориб, у ерда уч кун қолдилар. Сўнг икки дўст Мадина томон йўл олдилар. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан чиққанларини эшитиб, у зотни кутиб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога тушиб, тўрт кун турдилар. Ўша ерда Қубо масжидига асос солдилар. Сўнг туяга миниб Хазраш қабиласи, Бану Нажжор уруғининг бир жойига борганда, туялари чўкди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Айюб розияллоҳу анҳуниннг уйида яшай бошладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейин бошқа мусулмонлар ҳам ҳижрат қила бошладилар.
Ҳижрий биринчи йил бўлиб ўтган воқеалар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келгунларича Мадина шаҳри “Ясриб” деб аталар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарнинг номини “Мадинатун-набий (Пайғамбар шаҳри)” деб атадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари чўккан жойда масжид қуришни буюрдилар ва ўзлари ҳам иштирок этдилар.
Набавий масжидини бино қилиш.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом Меърожга чиққанларида намоз фарз бўлди. Шундан буён мусулмонлар Каъбаи Муаззамага қараб намоз ўқиб юрган эдилар. Мадинада қурилган масжиднинг қибласи Байтул Мақдисга қаратилди. Масжидни ён тарафида ҳужра қурилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Оиша розияллоҳу анҳо билан шу ҳужрада яшай бошлашди. Мусулмонлар ушбу масжидга илм олиш, ибодат қилиш ва турли йиғинлар учун тўпланишарди.
Ансорий ва муҳожир саҳобаларни оға-ини тутиниши.
Муҳожирлар билан ансорийлар биродар бўлишди. Ансорлар муҳожир биродарларини устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини ҳам, масалан, уйларининг ярмини, асбоб-анжомларини, мол-мулкларини ва бошқа ҳамма керакли нарсаларини уларга бердилар. Бу диний биродарлик (ёки алоқа) қариндошлик, туғишганлик алоқаларидан ҳам устун саналган.
Яҳудийлар билан аҳднома тузиш.
Мадинаи Мунавварада уч тоифа одамлар яшар эди. Мусулмонлар, мушрик араблар ва яҳудийлар. Яҳудийлар Бану Қайнуқоъ, Бану Назир ва Бану Қурайза қабилалари яшар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан аҳднома туздилар.
Уруш ва ғазот ишлари.
Маълумки, Ислом тинчлик динидир. Аммо энди ўзини ҳимоя қилиш учун ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш зарур эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан олти ой ўтгач, ички жабҳани созлаб олдилар. Сўнг эътиборни ташқи жабҳага қаратдилар. Мушриклар мусулмонларни ҳижрат қилиб борган жойларида ҳам тинч қўймадилар. Ана шундагина мусулмонларга уруш қилишга изн берилди. Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилди: “Ўзларига қарши уруш очилганларга уларга зулм қилингани учун уларга (уруш учун) изн берилди. Аллоҳ уларга нусрат беришга қодир Зотдир” (Ҳаж сураси, 19-оят).
Ушбу оят ҳижратдан кейин нозил қилинган бўлиб, мусулмонларни кофирларга қарши уруш қилишларига изн берувчи биринчи оятдир. Ҳижрий биринчи йил Рамазон ойида Ҳамза розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўттиз нафар муҳожирлардан иборат саҳобалар томонидан байроқ кўтарилиб, Шомдан келаётган Қурайш карвонининг йўлини тўсиб чиқишган эди. Лекин уруш бўлмади.
Ҳижрий иккинчи йил бўлиб ўтган воқеалар.
Бадр уруши Рамазон ойи.
Аслида, воқеа бундай бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Абу Суфён бошлиқ Макка мушрикларининг ўттиз ёки қирқ кишилик карвони Шомдан келаётгани ҳақида хабар етди. Бу катта карвонда қурайшликларнинг мол-у мулклари, тижоратлари бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорлардан иборат 313-317 нафар кишиларни Қурайшликларни йўлини тўсиш учун юбордилар. Карвон бошлиғи Абу Суфён Ҳижозга яқинлашган сари сергакланиб, йўлини ўзгартириб ўтиб кетди. Қурайшнинг тинчи бузилди, улар тезда ҳаракатга тушиб қолдилар. Икки кун ичида Абу Жаҳл бошчилигидаги Қурайшлик тўққиз юз эллик нафар жангчи урушга тайёр бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан нусрат сўраб дуо қилдилар: “Аллоҳим, менга берган ваъдангни Ўзинг рўёбга чиқаргин Аллоҳим, мен ваъдангдан умидворман. Аллоҳим, агар ушбу гуруҳ ҳалок бўладиган бўлса, Сенга ер юзида ибодат қиладиган ҳеч ким қолмайди”, дедилар. Аллоҳ Оли Имрон сурасида марҳамат қилди: “Ҳа (кифоя қилади)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад берадир”. (125-оят). Шундай қилиб Уруш бошланди. Аввало яккама-якка олишувлар бўлди. Аллоҳ таоло фаришталарни мўминлар билан мушрикларга қарши уруш қилиш учун тушириб мусулмонларга нусрат берди. Мушриклардан етмиш киши ўлдирилди ва етмиш киши асир олинди. Мушрикларнинг Абу Жаҳлга ўхшаш энг катта бошлиқлари ҳам ўлдирилди. Мўминлардан ўн тўрт киши шаҳид бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжаларни тақсимладилар. Бадр урушида мусулмонлар қўлига асир тушган мушриклардан баъзиларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озодликка чиқиш йўлини очиб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур асирлар, мусулмонларнинг болаларидан ўн кишига ўқиш-ёзишни ўргатиб қўйса, озод бўлишларини эълон қилдилар. Асирлар озодликка чиқиш йўлида мусулмон ёшларга ўқиш ва ёзишни таълим бера бошладилар. Кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган ваҳийни ёзишга мутахассис бўлган, Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳулар пайтида Қуръони каримни жамлашда асосий ўрин тутган саҳобий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу худди ўша асирлардан ўқиш-ёзишни ўрганган мусулмон ёшлардан бири эдилар. Бадр ғазотининг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Бу уруш бўлиб ўтган кунни Аллоҳ таоло “Фурқон куни” — ҳақ билан ботилни фарқ қиладиган кун, деб номлаган. Шу куни Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Ислом дини тарихидаги биринчи улкан ғалабани берди. Бу ғалаба уларнинг узоқ йиллик сабр-бардошлари эвазига берилган илоҳий мукофот эди.
Бани Қайниқоъ ғазоти.
Бани Қайниқоъ Мадинага кўчиб келган яҳудийлардан бўлган қабила. Улар билан тузилган аҳдномани бузиб мусулмонларга таҳдид солишди. Шаввол ойининг ўртасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қамал қилдилар. Бу Бани Қайниқоъ аҳлининг кўнглига қўрқув солди ва улар таслим бўлиб, Мадинадан кўчиб кетишди.
Ҳижрий иккинчи йил бўлиб ўтган бошқа воқеалар.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом Меърожга чиққанларида намоз фарз бўлди. Шундан буён мусулмонлар Каъбаи Муаззамага қараб намоз ўқиб юрган эдилар. Пайғамбаримиз Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш бошланди. Бу ҳолат ўн олти ёки ўн етти ой давом этди. Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш Аллоҳнинг амри билан бўлди. Фақат бу Қуръони Каримда келмаган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бевосита буюрилган амр эди. Сўнгра Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло махсус оят тушириб, яна Каъбаи Муаззамани қибла этди. “Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез қайрилганини кўрурмиз. Сени ўзинг рози бўлган қиблага бурурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон буринг”. (“Бақара” сураси, 144-оят). Шу йили, яъни ҳижрий 2 йил рўза ва закот ибодатлари фарз қилинди.
Ҳижрий учинчи йилдаги муҳим ҳодисалар.
Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қизлари Ҳафса онамизга уйландилар. Шу йил шаввол ойида Уҳуд жанги бўлиб ўтди. Ушбу жангда мусулмонлар енгилди. Аммо бу мағлубият мусулмонлардаги энг олий сифатларни рўёбга чиқишига сабаб бўлди. Уларнинг собит турганлари, ўзларини қурбон қилганлари кучли азм-у қарор, иймонда собитқадамлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатишди.
Ҳижрий тўртинчи йилдаги муҳим ҳодисалар.
Ражийъ ва Биъру маъуна фожиалари.
Сафар ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Банну Ҳун ибн Хузайма қабиласининг Азал ва Қора уруғларидан кишилар келиб “бизга динни ўргатиш учун саҳобаларингизни юборинг”, дейишди. Аммо Ражийъ деган жойга етганда, ваъдасига хиёнат қилиб саҳобаларни ўлдиришди. Худди шундай, Нажднинг Бану Омир қабиласи катталаридан Омир ибн Молик исмли киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “агар саҳобаларингиздан Наждга юбориб, ўз ишингизга даъват қилсангиз, динни қабул қилишармикан деб умид қиламан”, деди. Наждга етмиш нафар саҳоба юборилди. Саҳобаларни “Биъру Маъуна” қудуғи олдида ўраб олиб, ҳаммаларини ўлдиришди. Фақат бир киши Каъб ибн Зайд тирик қолдилар.
Бани Назир ғазоти
Мадинада истиқомат қилган яҳудийларнинг Бану Назир қабиласи билан аҳднома тузулган эди. Аммо яҳудиийлар аҳдномани бузиб мусулмонларга қарши жинояткорона харакатлар амалга ошира бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларнинг жинояткорона бу ҳаракатидан сўнг уларга қарши уруш очишга қарор қилиб, тайёргарлик кўришга буюрдилар. Мусулмонлар етиб келишганда Бани Назир ўз қўрғонлари ичига беркиниб олган эди. Бани Назир қабиласи жойлашган қўрғонлар жуда ҳам мустаҳкам бўлиб, уни қисқа муддатда ишғол қилиш амри маҳол эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг хурмоларини кесиб, қўрғон атрофига йиғишга ва ўт қўйишга буюрадилар. Яҳудийлар ўт орасида қоладилар. Энди улар учун фақат икки йўл бор эди. Ёки Пайғамбар алайҳиссаломнинг талабларига кўниш ёки қўрғондан чиқиб жанг қилиш. Улар биринчи йўлни танладилар. Бир неча кунлик қамалдан сўнг Бани Назирликлар Пайғамбар алайҳиссаломдан кўчиб кетишга ва гуноҳларини кечишга изн сўрадилар. Ҳар бир киши қурол-яроғдан ташқари мол-мулкидан бир туядан юк оладиган бўлди. Сўнг Ясрибни тарк этиб, Хайбарга, баъзилари Шомга жўнаб кетдилар. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида бани Назир қабиласининг хиёнатини баён этган. Шунинг учун ҳам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу сурани “Бани Назир сураси” деб ҳам атаганлар.
Ҳижрий бешинчи йилдаги муҳим ҳодисалар.
Давматул жандал ғазоти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Арабистон яриморолининг шимолидаги Давматул жандал атрофидаги қабилалар йўлтўсарлик қилиб, ўтган кетгани талаётгани, Мадинага босқин уюштириш мақсадида лашкар тўплаётганлиги ҳақида хабар келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минг кишилик қўшин билан рабиъул ойининг 25 куни Давматул жандал тарафга йўлга чиқдилар. Давматул жандалликлар бор-будини мусулмонларга ўлжа қилиб қолдириб, қочиб кетишди.
Хандақ (аҳзоб) ғазоти.
Шу йил шаввол ойида, Ислом душманлари бирлашиб, Мадинага қарши юриш бошладилар. Уларнинг сони ўн мингта эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан маслаҳатлашиб Мадина атрофига хандақ қазишди. Мусулмонларнинг сони уч мингта эди. Душман Мадинани қамалга олди. Қамал бир ой давом этди. Аллоҳ таоло совуқ қиш кечаси кофирларнинг қўшини устига ўта совуқ шамол юборди. Шамол уларнинг қозон, чодирларини учириб юборди ва улар ортга қайтдилар. Хандоқ ғазоти Қурайш мушрикларининг Мадинага қилган охирги ҳужуми эди.
Ҳижрий олтинчи йилдаги муҳим ҳодисалар.
Саҳро арабларининг таъзирини бериш.
Қурайш ва яҳудийлар билан ишлар битиб бўлганидан кейин учинчи душман — аъробийлар қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча сарийялар юбориб уларни мусулмонларга озор беришдан тўхтатдилар.
Бану Мусталиқ ғазоти.
Шабон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бану Мусталиқ қабиласи у зотга қарши одам тўплаётганлиги ҳақида хабар келди. Икки тараф Бану Мусталиқнинг Мурайсиъ қудиғи олдида тўқнашдилар. Урушда мусулмонлар ғолиб бўлишди.
Ифк ҳодисаси.
Шу ғазотдан қайтишда Ибн Салул бошлиқ мунофиқлар Оиша онамиз ҳақларига “ифк” — бўҳтон қилишди. Катта фитна юз берди, Оиша онамизни зино қилганликда айблашди. Бу ишларга Аллоҳ таоло Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз жойига келтирди. Нур сурасидаги 11-20 оятлар Оиша онамизни оқлади.
Ҳудайбия сулҳи.
Макка шаҳрининг ғарбий тарафида жойлашган Ҳудайбия деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш билан сулҳ туздилар. Бу сулҳ саҳобаларнинг кўпига ёқмади. Аммо бу сулҳдан мусулмонлар учун катта яхшилик ва манфаат кўп эди.
Ҳижрий еттинчи йилдаги муҳим ҳодисалар.
Подшоҳ ва ҳокимларни исломга даъват этиш.
Ҳудайбия сулҳи тузулиб тинчлик ҳукм сура бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чор атрофдаги подшоҳ ва араб амирларига мактуб йўллаб Аллоҳни динига чақиришга қарор қилдилар. Юборилган мактублар Ислом дипломатиясининг биринчи қадамлари эди. Ўша вақтда Рим давлати дунёни ларзага солиб турган икки давлатдан бири эди. Бу давлатнинг шарқий қисми — Византия императори Ҳиракл I мактуб билан танишиб ўз айшу ишратини ҳидоятдан устун қўйди. Ҳиракл I милодий 641 йилда Кустантинияда вафот этди. Византия империясининг Осиё ва Африкадаги мулклари Ислом давлати ихтиёрига ўтди.
Дунёни ларзага солиб турган яна бир давлат Форс империяси эди. Империя бошида Кисро II (Хусрав) турарди. Кисро II айш ишратга берилган одам эди. У ҳам Ислом динига эътиқод қилмади. Аллоҳ таоло тез кунда Кисрога ўғли Шеравайҳни душман қилди ва у ўғли томонидан ўлдирилди.
Ҳабашистон дунёда энг қадимий давлатлардан ҳисобланади. Ҳабашистон ажнабий тилларда Эфиопия дейилган. Ҳабашистон подшоҳи “Нажоший” деб аталган. Ўша даврдаги Ҳабашистон Нажошийи Амр ибн Умайя Зомрий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиларидан мактубни катта эҳтиром билан қабул қилди ва мусулмон бўлди.
Ўша даврда Миср подшоҳи “Муқавқис” деб аталган. “Муқавқис” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиларидан мактубни катта эҳтиром билан қабул қилди. У зотга ҳадялар билан иккита жория ҳам бериб юборди. Улардан бири Мория Қибтийя бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан Иброҳим исмли ўғил кўрдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам элчиларидан мактубни олган Баҳрайн ва Умон амирлар ҳам Исломни қабул қилишди.
Бошқа воқеалар.
Шу йили Мадинаи мунаввара атрофида бўлган, асосан яҳудийлар яшайдиган Хайбар, Фадак, Куро ва Таймо номли жойлар фатҳ этилди.
Ислом фатҳларининг энг буюк қўмондонларига айланган Амр ибн Ос ва Холид ибн Валид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб мусулмон бўлишди. Зулқаъда ойида Пайғамбар бошлиқ саҳобалар Маккаи мукаррамага умра қилишди. У ерда уч кун туриб кейин Мадинага қайтишди.
Ҳижрий саккизинчи йилдаги муҳим ҳодисалар.
Муъта ғазоти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом ўлкасининг Бусро шаҳридаги Рим императори томонидан тайинланган ҳоким Шураҳбил ибн Ғассонийга Ҳорис ибн Умайр Аздийни элчи қилиб юбордилар. Ҳоким эса элчини ўлдирди. Шу йил жумодул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Римликларга қарши уч минг кишилик аскар юбордилар.
Муъта номли қишлоқ атрофида бўлган жангда мусулмонлар уч минг кишидан иборат бўлишига қарамай, ўша замоннинг энг кучли икки юз минглик аскарига тенг келган эдилар. Бу жангда саҳобалардан ўн икки киши шаҳид бўлди. Кофирлардан қанчаси ўлганлигини фақат Аллоҳ билади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари иштирок этмаган бўлсалар ҳам тарихчилар бу жангни катта аҳамиятга эга эканлиги ва кўп одам иштирок этганлиги сабабли “ғазот” деб аташади. Ушбу жангдан кейин мусулмонларга хуруж қилишни давом этиб келаётган бир неча араб қабилалари мусулмон бўлишди.
Макка фатҳи.
Рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минг аскар билан Мадинадан чиқиб Маккага йўл олдилар. У зот Марруз-заҳрон номли жойга тушдилар. Қурайш қабиласи бўлаётган ишлардан бехабар эди. Аллоҳ таоло уларнинг кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб қўйган эди. Мусулмонлар ҳеч қандай қаршиликсиз Маккага кириб бордилар. Қурайшдаги бутларини ҳаммасини бузиб ташлашди. Макка фатҳ этилди. Энди ҳамма тўп-тўп бўлиб Исломга кира бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўн тўққиз кун турдилар. Макка шаҳрига йигирма бир ёшлик Аттоб ибн Асийд Умавий розияллоҳу анҳу валий (ҳоким) этиб тайинланди.
Ҳижрий тўққизинчи йилдаги муҳим ҳодисалар.
Табук ғазоти.
Ислом давлати пайдо бўлганлигини эшитган Римликлар мусулмонларга қарши лашкар тўплай бошлади. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келди. У зот жумодул ойида ўттиз мингга яқин киши билан йўлга чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукда йигирма кун турдилар. Ўртада жанг бўлмади. Мунофиқларнинг бошлиғи Ибн Салул одамларини олиб қайтди. Ана шундай қийинчиликларга Аллоҳнинг розилиги деб чидаганлари учун Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, муҳожирлар ва ансорларни тавбасини қабул қилди. Табук ғазоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирга ғазотлари эди.
Биринчи исломий ҳаж.
Зулқаъда ойининг охирларида Аллоҳ таоло: “Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир” (Оли Имрон сураси, 97-оят) ояти ила мусулмонларга ҳаж ибодатини фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳаж амири этиб Маккага жўнатдилар. У киши ҳаж қилишни истаган уч юз киши билан ҳажга жўнаб кетдилар.
Элчилар йили.
Ҳижрий тўққизинчи йил “элчилар йили” номини олган, чунки асосан шу йили турли қабилаларнинг элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўз қабилалари номидан Исломни қабул қилганларини эълон қилиб, байъат қилишган.
Ҳижрий ўнинчи йилдаги муҳим ҳодисалар.
Видолашув ҳажи.
Шу йилнинг зулҳижжа ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Исломдаги биринчи ва охирги ҳажларини қилдилар. Ушбу ҳаж тарихда “Видолашув ҳажи” номини олган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан видолашув ҳажида юз мингдан ортиқ киши иштирок этди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажини адо этиб Арафотда турганларида Аллоҳ таоло у зотга Моида сурасидаги: “Бу кун cизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин деб, рози бўлдим”. (3 оят) оятини нозил қилди.
Ҳижрий ўн биринчи йилдаги муҳим ҳодисалар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжа ойининг беш куни қолганда ҳаждан қайтиб келдилар. Янги ҳижрий ўн биринчи йилнинг биринчи ойи-муҳаррам ҳам ўтди. Cафар ойининг охирига келиб, душанба куни хасталиклари оғирлашиб қолди. Ҳоллари келмай қолганда жамоат намозига Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг имом бўлишини ихтиёр қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий ўн биринчи йил 12 рабиъул аввал (милодий 632 йил 6 июнь), душанба куни чошгоҳ пайтида отмиш уч ёшда вафот этдилар.
Фойдаланилган манбалар.
1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҚУРЪОНИ КАРИМ ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. Тошкент 2017 йил.
2. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ислом тарихи” биринчи китоби.
3. Усмонхон Алимов Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳу васаллом)нинг муборак васиятлари (I жилд) китоби. Hidoyat.uz
4. Ислом тарихи Muslim.uz.

Report Page