ᅠᅠ

ᅠᅠ

1R.MEDIA
БУГУНГИ ИШНИ ЭРТАГА ҚОЛДИРМАНГ.
Сиз бирон-бир ишни кўпдан бери бажаришни режалаштиргансиз, лекин баъзи сабабларга кўра уни амалга ошира олмайсиз. Ўзингизни мажбур қилмоқчи бўласиз-ку, лекин мажбур қила олмайсиз. Унинг ўрнига, қатор бошқа ишлар чиқади, бажармоқчи бўлган ишингизни кейинга қолдирасиз. Муддати ўтган сари асабийлашиб, ўзингизни айблайсиз. Сизда шундай ҳолат кузатилган-ми? Агар сизда ҳам шундай ҳолат кузатилган бўлса, бу - Прокрастинация деб аталади. Прокрастинация (инглиз тилида procrastination) - ўзбек тилида кечиктириш ёки кейинга қолдириш маъноларини билдиради.
Кечиктириш - бу зарур бўлмаган ишлар билан овора бўлиб, муҳим бўлган ишларни бажармасдан, кейинга қолдириш. У нарса инсонни умидсизлик ва тушкунликка тушишига олиб келади. Хулоса шуки, Кечиктириш орзуларни “кўмадиган” хавфли касаллик !!! 
Бу касалликдан қандай қутилиш мумкин? 
Сиз ўзингизда шунга ўхшаш аломатларни сезсангиз, хафа бўлишга шошилманг, чунки буни енгиб ўтиш мумкин. Бир нарсани яхши билиб олинг, агар сиз бирон ишни режалаштирган бўлсангиз, лекин уни бажаришни бошқа кунга кўчирсангиз бу фақат режага ўзгартириш киритиш дейилади. Режани ўзгартириш билан кечиктиришни аралаштириб юборманг. Режани ўзгартириш-бу касаллик эмас.
Келинг, биринчи навбатда кечиктириш пайдо бўлишининг асосий сабабларини кўриб чиқайлик:
- Муваффақиятсиз тажриба. Жуда кенг тарқалган сабаблардан бири ўтмишда муваффақиятсизликни бошдан кечириш ва энди уни яна такрорлашни хоҳламаслик.  
-  Якунланмаган ишлар. Баъзи инсонлар бошлаган ишини охирига етказмасдан бошқаси билан шуғулланиб кетадилар. Тугалланмаган ишни кейинроқ тугатиб қўярман деб ўйлайдилар. Лекин, тугата олишмайди. Бу ҳолат маълум миқдордаги энергияни тортиб олиб, доимий равишда босим ўтказиб туради. Бундай инсонлар кўпинча аввалдан қолган ишнинг юки бўйинларида осилиб турганлиги сабабли, янги ишни бошламайдилар. Агар зудлик билан бу юкдан қутилмаса, узоқ вақт давомида оғирлиги тушиб туради. Агар аввалдан қолган иш якунлаб қўйилмаса, унинг оқибати салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Инсонни ўзига бўлган ишончи секин аста сўнади, истиқболни йўқотади, доимий жисмоний ва руҳий чарчоқ таъсирида бўлади. Бундай вазиятда янги ишни бошлашга куч ҳам, салаоҳият ҳам етмайди.
Кечиктиришни даволаш йўллари: 
- Бажарилиши керак бўлган ишларнинг рўйхатини тузинг.
- Бошлаган ҳамма ишларингизни рўйхатга киргазинг. Ҳатто амалга оширишни энди ўйлаган ишларни ҳам. Хар бир ишни якунлашни режалаштирган муддатини қўйинг. Кўриб чиқинг агар, зарурлигига шубҳангиз бўлса рўйхатдан чиқариб ташланг. Бажарилиши керак ишларни ёзиб бўлгач, муддатларини яна бир бор кўриб чиқинг. Сизни қўлингизда аниқ режа ва муддат бор. Шу рўйхат бўйича ишни бошланг. Энди сиз қайси ишдан бошлаш, қачон тугатиш керак, деган ўйлар билан фикрингизни бўлмайсиз.  
- Ўтмишни эсланг. Яхшилаб ўйлаб кўринг, қандай иш нима сабабдан кечиктирилган. Балки бу нарса ўтмишдаги муваффақиятсизлик билан боғлиқдир. Муваффақиятсиз чиққан ишларга муносабатингизни ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қилинг. Унутманг, ҳар қандай муваффақиятсизлик-бу муваффақият сари ташланган қадам. Нимани такрорлаш керак эмаслигини кўрсатиб берган-тажриба. Шу тажрибадан келиб чиқиб нимани ва қандай бажаришни ўйланг. 
Кечиктириш касали яна қўзғамаслиги учун қуйидаги қоидаларга амал қилинг:
- Бошлаган ишларни охирига етказишга ҳаракат қилинг. Бундай ишларни бажаришни пайсалга солманг. Бир ишни якунламасдан кейинги ишни бошламаслик қоидасига амал қилинг.
- Форс-мажор ҳолатларини режалаштиринг. Ҳеч кимга сир эмаски Форс-мажор ҳолати бор. Фақат одамлар ҳали ҳам ўз фаолиятларида уни ҳисобга олмайдилар. Вақтингизнинг 25 фоизини кутилмаган вазиятларга бағишлашни режалаштиринг. Шунда сиз кутилмаган хар қандай вазиятларга тайёр бўласиз. Агар бундай вазият юзага келмаса, иқтисод қилинган вақтда нима билан шуғулланишга иш доим топилади. 
- Вақтингизни бошқаринг. Барча ишларни бажариш учун вақтни сарҳисоб қилсангиз, шунда сиз, бу ишларни бажариш учун қанча вақт кераклигини аниқ биласиз. Шундан келиб чиқиб вақтингизни бошқаришга қодир бўласиз.
Агар тавсияларимиз сизга ёрдам бермаётган бўлса, аниқ қилиб айтамизки сиз қайсидир тавсияни нотўғри бажармоқдасиз. Бажараётган ишларингизни яхшилаб таҳлил қилинг. Қандай иш ва нима мақсадда уни бажаришни режалаштиргансиз. Агар бу ишлар муваффақиятга олиб бормаса улардан воз кечинг.  
 Кечиктириш - бу кўп учрайдиган касаллик. Ундан тезроқ қутилиш керак, бу унча қийин иш эмас. Фақат унга қарши муолажани кейинга сурмасдан, ҳозир бошланг. Агар ундан қутилсангиз сиз вақтингизни самарали бошқара оласиз. Бунинг натижасида муваффақиятга эришасиз. 
МАСЛАХАТИМЗ-БУ ИШНИ ХОЗИР БОШЛАНГ!
БОШЛАСАНГИЗ НАТИЖА БЎЛАДИ!
АСОСИЙСИ БОШЛАШ!
СИЗГА ОМАД ЁР БЎЛСИН!

Report Page