ᅠᅠ

ᅠᅠ

1R.MEDIA
ИСКАНДАР МАҲМУДОВ: МУВАФФАҚИЯТ ТАРИХИ.
Жаҳонга машҳур ўзбек ишбилармони, йирик тадбиркор. Россиядаги энг йирик Урал тоғ-металлургия компаниясининг президенти Маҳмудов Искандар Қаҳрамонович 1963 йил 5 декабрда Бухоро вилоятида зиёли оилада туғилган. Искандар уч ёшда тўлганида уларнинг оиласи Тошкент шаҳрига кўчиб келишган. Йигит ўрта мактабни тугатганидан сўнг, ота -онасининг тавсиясига биноан Тошкент давлат университетини шарқшунослик факультетига ўқишга кирди. Олий ўқув юртини тугатгандан сўнг, араб тилини мукаммал эгаллаган Искандар аввал Ливияга кейинчалик Ироқда ҳарбий таржимон сифатида хизматга юборилди.
1988 йилда Ватанига қайтиб келган Искандар Маҳмудов ташқи савдо алоқалари билан шуғулланувчи «Узбекинторг» ташкилотида ишга кирди. Ҳақиқий коммерция, хорижий давлатлар билан дастлабки савдо қилиш тажрибасини Искандар Маҳмудов шу ерда ўрганди. Тажриба тўплади. Искандар ХХ-асрнинг 90 йилларнинг бошида Россияда бизнес билан муваффақиятли шуғулланаётган, асли Ўзбекистонлик бўлган ака -ука Лев ва Михаил Черновлар билан танишди. Искандар Россияга кўчиб ўтгандан сўнг ака -ука Черновлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Бизнес.
Искандар Маҳмудов. 1991 йилда «Алис» АЖ маркетинг бўйича директори лавозимига тайинланди.
1994 йил июль ойида «Мета Сервис» саноат ва молиявий компаниясининг директори лавозимига тайинланди.
Искандар Маҳмудов ака -ука Черновларга Қозоғистон Республикасида бизнес олиб боришлигига яқиндан ёрдам берди. Бунинг натижасида 1994 йилда Павлодар алюминий заводи хусусийлаштирилди.
1996 йилда Маҳмудов Гай тоғ-кон қайта ишлаш заводининг бош директори лавозимини эгаллади.
1998-1999 йилларда Искандар Маҳмудов Урал тоғ- металлургия компаниясига асос солди.
2011 йилда Маҳмудов ва унинг шериги Бокарев Москва шаҳри атрофида йўловчиларнинг ташиш билан шуғулланувчи компаниянинг 50 фоиз улушини сотиб олишди.
Бундан ташқари, Маҳмудов ва Бокарев - «Москва йўловчилар компанияси» МЧЖ эгалик қилишади.
Шунингдек, Маҳмудов - «Аэроэкспресс» МЧЖ акцияларининг 17,5 фоизига эгалик қиладилар.
«Трансмашхолдинг»
Маҳмудовнинг катта миқдорда улуши бўлган «Трансмашхолдинг» акциядорлик жамиятининг заводлари Москва, Твер ва Ростов вилоятларида, Брянск, Пенза ва Санкт-Петербург шаҳарларида фаолият олиб бормоқда. Холдинг йўловчи ва юк вагонлари, юк ташувчи ва енгил автомобиллар,электропоездлар ва бошқа техникалар ишлаб чиқаради.
«Трансойл»
2012 йили Маҳмудов бизнес шериги Андрей Бокарев билан биргаликда Геннадий Тимченкодан катта миқдорда нефть ва нефть маҳсулотларини ташувчи «Трансойл» МЧЖ 13 фоиз акциясини сотиб олишди.
«Желдорреммаш»
2012 йилда Россия темир йўлларининг – «Желдорреммаш». шўба корхонасининг 75 фоизлик улуши сотиб олинди. Бу локомотивларни таъмирлаш бўйича етакчилардан бири бўлишга имкон берди.
«Kunovice Aircraft Industries»
Урал тоғ- металлургия компанияси Чехиянинг «Kunovice Aircraft Industries» компаниясининг назорат пакетига эгалик қилади. Kunovice Aircraft Industries компаниясининг такомиллаштирилган L-410 русумли самолётларидан Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги учувчиларни тайёрлашда фойдаланади.
«Food Service Capital».
Маҳмудовнинг ташаббуси билан Урал тоғ- металлургия компанияси томонидан Food Service Capital ресторанлари холдинги харид қилинди. Тармоқнинг йўналишларидан бири «Сапсан» поездларининг йўловчиларига хизмат кўрсатадиган «ягона овқатланиш тармоғи» ни ўз ичига олади. Шунингдек, пиво, балиқ ва бошқа маҳсулотларга ихтисослаштирилган ресторанлар фаолият олиб бормоқда.
Искандар Маҳмудовнинг муваффақиятларининг сири нимада?
Аксарият одамлар, Маҳмудовнинг ҳақиқий капитали унинг корхоналари эмас, балки унинг инсонларга бўлган ижобий муносабати деб таъкидлайдилар. Ҳақиқатдан ҳам Искандар Маҳмудов - хушмуомала инсон. У доимо давлат манфаатларига мос равишда ҳаракат қилади. Шунинг учун кўпчилик уни идеал олигарх деб ҳисоблайди. Кўпчилик Маҳмудов режалаштирган ишларни амалга ошириш жараёнида баъзи хатоларга йўл қўйиб муваффақиятсизликка учраши мумкин деб ўйлашлигига қарамасдан, бизнесмен ҳар доим фойда кўради.
Маҳмудов ишлаб чиқариш жараёнига катта раҳбар сифатида кўп ҳам аралашавермайди. «Ишни яхшилайман, деб билиб-билмай мутлақо тескари натижага эришишингиз мумкин, мутахассисларга ишониш керак», -дейди тадбиркор. Қўл остида ишлаётганларга эркинлик, мустақиллик берган, айни пайтда масъулиятдан қочмаслик, уни бўйнига олиш ҳам юклатилган. Лекин маҳсулотларининг сифатини, режадаги ҳажмини, ишлаб чиқариш рентабеллигини диққат билан кузатиб боради. Вазиятга қараб зудлик билан чора-тадбирлар ҳам кўради.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик.
Ўзбекистон ҳукумати ва Урал тоғ-металлургия компанияси ўртасида 2017 йил 3 апрель куни Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида таркибида нодир ванадий ҳамда титаномагнетит каби қимматбаҳо металлари бўлган Тебинбулоқ темир конини ҳамкорликда ўзлаштириш юзасидан меморандум имзоланди. Бу ерда, шунингдек, Ўзбекистонда биринчи бор бевосита тоғ рудасидан металл олинадиган пўлат эритиш печлари қад кўтаради. Киритилаётган инвестициянинг ҳажми, кон ва корхоналарда ишлайдиган ишчиларнинг сони биринчи босқичда 2 минг кишини ташкил қилади. Сармоя ҳажми 1,5 миллиард АҚШ доллари.
Янги тоғ-кон саноати корхоналарида юзлаб ишчилар, кончилар, пўлат эритувчилар, муҳандис-техник ходимлар, хизматчилар меҳнат қилади. Кондаги битта карьернинг ўзидан йилига 22 миллион тонна руда қазиб олинади. Таркибида 65 фоиз темир бўлган улкан руда бойитиш комбинати барпо этилади. Йилига бир ярим миллион тонна чўян қуядиган металлургия комплекси қад ростлайди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, кон қаърида таркибида ноёб металлар бўлган бир неча миллиард тонна руда ётибди.
Яна шуни қайд этиш керакки, Тебинбулоқ кони Ўзбекистон геологлари томонидан бундан 80 йил муқаддам очилган. Лекин бундай йирик конни ўзлаштириш фавқулодда катта маблағ талаб қиларди.
Қизиқиши.
Искандар Маҳмудовнинг асосий қизиқишларидан бири- ўқиш. Болалигидан китоб ўқишни яхши кўради, айниқса фантастик китобларни завқ билан ўқийди.
Ўзбекистонлик Искандар Маҳмудов катта сув ҳавзасига эга бўлмаган юртда туғилган бўлишига қарамай, сув тубига шўнғишга жуда қизиқади. Шахсий кўрсатгичи - 60 метр чуқурликда шўнғиган. Мақсади денгиз тубини ўрганиш. Маҳмудов фақат битта муаммодан азият чекади - вақт етишмаслиги.
Хайрия ишлари.
Искандар Маҳмудов катта ҳажмда хайрия ишларини олиб боради. У тиббий муассасалар, болалар уйлари, уруш фахрийларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишларда хайрия учун пул аямайди. Бундай мақсадлар учун, сўнгги ўн йил ичида бир миллиард доллар сарфланди.
Оила.
Искандар Маҳмудов икки марта уйланган. Биринчи рафиқасидан 1987 йилда туғилган Жаҳонгир исмли ўғли бор. Жаҳонгир Буюк Британияда Халқаро бизнес мактабини битирди. 2009 йилдан «Аэрокосмос» компанияси Бош директорининг маслаҳатчиси. 2010 йилдан «Голдман Сакс групп» товарлар департаментида даромадларни рўйхатга олиш, валюта бозори ва хом ашё товарлар бўйича маслаҳатчи лавозимида, 2012—2015 йилларда «УТМК-холдинг»да тоғ ишлари бўйича директор маслаҳатчиси, Челябинск рух заводи (ЧПЗ) бош директорининг коммерция ва молиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлади.
Forbes журналининг маълумотига кўра Искандар Маҳмудовнинг 2020 йил якуни бўйича шахсий жамғармаси 7,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бу кўрсатгич билан Россия Федерациясининг энг бой одамлар рўйхатида 16 ўринда туради.
Манба:moneymakerfactory.ru, zamin.uz

Report Page