ᅠᅠ

ᅠᅠ

1R.MEDIA
ДEЙЛ КАРНEГИ «БEЗОВТАЛИКДАН ХАЛОС БЎЛИШ ВА ЯНГИ ҲАЁТ БОШЛАШ СИРЛАРИ»
ХУЛОСА
Дейл Карнеги ушбу китоби содда тильда баён этилган бўлишига қарамасдан жуда самарали. Китобда ҳайратланарли кашфиётлар ёки кутилмаган нарсалар мавжуд эмас. Балки ҳамма учун азалдан маълум бўлиб туюлиши мумкин бўлган оддий ҳақиқатлар келтирилган.
Вақт синовидан ўтган бу ҳақиқатлар кўплаб одамларнинг бошидан ўтказган хотиралари билан бирлаштирилган. Китобда энг қийин вазиятлардан чиқиш йўли кўрсатилган. Ҳар қандай муаммоларини ҳал қилиш мумкинлиги исботланган. Шунингдек, ҳаётидаги муаммоларни енгиб ўтиб катта муваффақиятга эришган инсонлар ҳақида аниқ мисоллар келтирилган.
Безовта бўлиш-жуда хавфли. Яхши ҳаёт кечириш учун ундан халос бўлишингиз керак. Хотиржамлик қанчалик муҳимлигини унутманг. Ҳар бир кунингизни худди охирги кунингиз каби қадрланг. Ўзингизни оғриқли хотиралар ёки самарасиз орзуларга сарфламанг. Ҳозир кун билан яшанг. Муаммоларингиз ҳақида мулоҳаза қилинг. Тўпланган маълумотларга асосланиб уларни таҳлил қилинг. Энг яхши ечимга қарор қилганингиздан сўнг, дарҳол ҳаракат қилинг.
Безовта бўлиш одатидан воз кечиш учун:
• фойдали, конструктив иш билан шуғулланинг;
• безовта қилувчи майда-чуйда нарсаларга эътибор берманг;
• ўзгартира олмайдиган нарсангизни борича қабул қилинг;
• қадриятларни тўғри баҳоланг, зарур бўлмаган нарсага ортиқча куч сарфламанг;
• ўтмиш билан курашманг, уни ўзгартириш мумкин эмас.
Хотиржамлигининг калити - ҳаётга ижобий муносабатда бўлишдадир. Бизнинг бахтимиз ташқи ҳолатларнинг таъсири билан эмас, балки уларга бўлган муносабатимиз билан белгиланади. Муваффақиятга интилинг - ва у амалга ошади. Бировлардан хафа бўлманг. Бошқаларга эътиборлик бўлинг, бошқалардан миннатдорчилик кутманг, аммо ўзингиз миннатдорчилик билдиринг. Унутманг - одамларга ёрдам бериш ўзи бахт.
Ўзингизни қандай бўлсангиз, шундай қадрланг.
Омадсизликка катта эътибор берманг, балки бу муваффақиятга трамплин бўлиши мумкин. Ҳар қандай салбий ҳолатни ижобий ҳолатга айлантиришга ҳаракат қилинг. Муаммоларингиздан безовта бўлиш ўрнига, улардан фойдаланиш ҳақида ўйланг.
Танқиддан қўрқманг. Агар сиз танланган йўлингизни тўғрилигига ишончингиз комил бўлса, ёмон ниятли кишиларнинг йўлингиздан чалғитишига эътибор берманг. Аммо, тўғри танқидни миннатдорчилик билан қабул қилинг. Ўз ютуқларингизга танқидий муносабатда бўлинг. Унутманг Ҳеч ким хатолардан ҳимояланмаган, ҳатто сиз ҳам.
Чарчоқни ва безовталик сизни мағлуб этишига йўл қўйманг.
Тез-тез дам олинг, тўғри дам олишни ўрганинг. Ишни тўғри ташкил этиш, сизга кам куч сарф этиб кўп иш бажаришингизга имкон беради. Энг муҳими – бажараётган ишингизни севинг, шунда ишингиз анча самарали бўлади.
Ушбу кўрсатмалар сизни муваффақиятга ва ҳаётдан завқ олишга халақит берадиган нарсадан халос бўлишга ёрдам беради.
Дейл Карнеги «Безовталикдан халос бўлиш ва янги ҳаёт бошлаш сирлари» китобни бир маротиба ўқиш етарли эмас. Сиз унга қайтишингиз, қайта ўқишингиз, ўйлашингиз, ўқиганларингизни ўз тажрибангиз билан таққослашингиз ва китобда баён этилган тамойилларни ҳақиқатга айлантиришингизга амин бўлишингиз керак.
Биз, Америкалик ўқитувчи, психолог ва ёзувчи Дейл Карнегининг «Безовталикдан халос бўлиш ва янги ҳаёт бошлаш сирлари» китобини қисқача талқинини якунладик. Агарда сизга оз бўлса ҳам манзур бўлган бўлса биз ўз ниятимизга эришдик деб ҳисоблаймиз.
Инсон ҳаётни англаш учун эмас, балки яшаш учун яратилган.
Сизга доимо омад ёр бўлсин!
Унутманг! Бошга тушган муаммолардан безовта бўлиш ташвишни орттирса орттирадики, асло уни бартараф этишга хизмат қилмайди.

Report Page