ᅠᅠ

ᅠᅠ

1R.MEDIA
БИЗНЕС БОШЛАШГА ТАЙЁРМИСИЗ?
Инсонлар дунё қараши, билими, ички туйғуси, фъел-атвори, ишга муносабати ва бошқа жиҳатлари бўйича хар хил бўладилар. Шундай инсонлар борки уларнинг шахсий фазилатларидаги ўзига хос хусусиятлар бизнес билан шуғулланишга  халақит қилиши мумкин. Бундай инсонларга бизнес бошлашдан   аввал яхшилаб ўйлаб кўришини маслаҳат берамиз.
Биринчидан - ўз билим савиянгизни  мунтазам ошириб боришга,  янги нарсаларни ўрганишга, замондан орқада қолмасликка, доимо олға интилишга ҳаракат қилиш кераклигини биласизми?  Тадбиркор билиши зарур бўлган, Давлат қонунлари ва қонун ости норматив ҳужжатларини,  бухгалтерия ҳисоби асосларини, солиқ кодекси талабларини, сотув ва маркетинг қоидаларини ва бошқа йўналишларни  ўрганиш учун қимматли вақтингизни кетказишга тайёрмисиз? Акс холда бизнесда ўрин йўқ. Албатта,  бу ишларни бажариш  учун мутахассисларни ёллаш билан  муваффақиятга эришаман деб ўйлашингиз мумкин. Бу ҳам тўғри йўлдир. Лекин, кўпинча бошқача бўлади. Ўзингизни эсланг, жону - дилингиз билан биров учун ишлаганмисиз? Масалан; жума куни кечки пайт ёки якшанба куни эрталаб ишга хурсанд бўлиб борганмисиз?  Кўп ходимлар, кун- бай, яъни вақт ўтса бўлди деб ишлайдилар. Сизга шундай ходимлар учраб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.   
Иккинчидан - янги дўстлар, танишлар, ҳамкорлар, мижозлар орттиришингиз ва улар билан дўстона алоқалар  ўрнатиш зарур бўлади. Уларнинг орасида хар хил фъел-атворли инсонлар учрайди. Сиз хушмуомилалик, киришувчанлик ва бошқа зарурий хусусиятларга эга бўлишингиз  керак. Агар уятчанг бўлсангиз, мулоқотга киришишга қийналсангиз сизга бизнесда ўрин йўқ.
Учинчидан - хар қандай вазиятда, ҳатто қалтис пайтда ҳам қарор қабул қила олишга журъатингиз етарлими? Қабул қилган қарорингиздан жавобгарлик ҳиссини англайсизми? Шуни унутманг, ҳақиқий жавобгарлик ҳисси бу йўл қўйган хато ва камчиликларингиз учун ўзингизни айбдор деб сезишни  ўзи  камлик қилади.  Ҳақиқий жавобгарлик ҳисси бу умуман бошқа нарса. Қабул қилган нотўғри қарорингиз энг камида оилангиз турмуш тарзига таъсир қилишини англайсизми? Ахир оила бу-муқаддас даргоҳ. Оила аъзоларингизни, хусусан фарзандларингизни камроқ кўришга тайёрмисиз? Чунки бизнес сизнинг кўп вақтингизни олади. Айниқса бизнесни бошлаш босқичида фавқулодда режимда ишлайсиз. Ишонинг, ҳатто тушларингизга хам кириб чиқади.  Бунга тайёр бўлмасангиз бизнес бошламанг.
Тўртинчидан - севимли машғулотларингиз, хоббиларингиз билан  шуғулланишдан воз кечишга тўғри келади. Чунки вақт етмайди. Оилангиз турмуш даражасини  "пастга" туширишингиз мумкин. Чунки, кўп холларда бизнес бошлаш учун режалаштирилган сармоя етмайди. Агар сиз бизнеснинг биринчи йиллари фойда кўрмасдан фақат пул тикишга тайёр бўлмасангиз бизнес бошламанг.
Бешинчидан - бизнесда таваккал қилишга тайёрмисиз, қабул қилган нотўғри қарорингиз натижасидан тушкунликка тушмасдан яна давом эттириб олдинга интилишга  кучингиз  етарлими? Умуман олганда бизнес бу ўйин. Ўйинда маҳоратли ўйинчилар ютади. Сиз ўйинчи бўлмасангиз бизнес бошламанг.
Олтинчидан - муваффақиятли тадбиркор, бозордаги вазиятни, мижозларни талаб ва эҳтиёжларини доимий равишда таҳлил қилади. У хато қилиши мумкин, лекин шу хато натижасида юзага келган салбий ҳолатдан ҳам ижобий кўникма ола билади. Сиз хато қилишдан қўрқсангиз, таҳлил қила олмасангиз бизнес бошламанг.
Еттинчидан - cиз сотувга руҳан тайёрмисиз. Баъзи тадбиркорлар сотув улар учун биринчи навбатда эмас деб кўп гапиришади. Ишонманг! Бизнес бошланиш босқичида хар бир нарсани сотасиз, маҳсулотингизни, хизматингизни, ғоянгизни ва бошқа нарсаларни. Агар сизнинг ички туйғу савдо - сотиққа қарши бўлса. Бизнес бошламанг.
Бизнес бошлашдан аввал яхшилаб ўйлаб кўринг. Балки ҳозирги вақтдаги ишингиз ўзингиз ва оила аъзоларингиз учун энг маъқулидир.
Биз фақат маслаҳат бердик, танлаш сиздан.

Report Page