ᅠᅠ

ᅠᅠ

1R.MEDIA
 ДОНАЛД ТРАМП: БИТИМЛАР ТУЗИШ САНЪАТИ
КИРИШ
Доналд Трамп -АҚШнинг 45-президенти, миллиардер, йирик меҳмонхоналар ва казинолар тармоғи эгаси, шоумен, телебошловчи ва шунчаки таниқли шахс. Унинг профессионал фаолияти тарихи худди саргузашт роман сингари ҳаяжонли: Трамп миллиардлаб пул ишлаб топган. Бир пайтлар банкрот бўлиш арафасида бўлган, мисли кўрилмаган йирик битимлар тузган ва баъзида ўз хизматлари учун пул олишдан ихтиёрий равишда воз кечган. Шуниси эътиборга лойиқки, Доналднинг отаси Фред Трамп қурилиш бизнесида муваффақиятли шахс бўлишига қарамасдан, кичик Трампни «ўзини-ўзи яратган» одам деб ҳисоблашади. Бой ота-оналаридан катта мерос қолган кўпчилик меросхўрлардан фарқли ўлароқ, Трамп нафақат оиланинг капиталини сақлаб қолди, балки уни бир неча ўн баравар оширди. У ҳақиқий қурилиш империясини яратди ва бир неча миллиард долларга эга бўлди.
Трампнинг америкалик ёзувчи ва журналист Тони Шварс билан ҳаммуаллифликда ёзган «Битимлар тузиш санъати» китоби 1987 йилда нашр этилган ва дарҳол жамоатчилик эътиборини қозонган. Кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар тузиш тўғрисидаги китоб тезда турли соҳалардаги тадбиркорлар учун қўлланмага айланди. Китобда баён этилган бизнес юритиш тамойиллари ва муваффақият сирлари шу қадар универсалки, ҳатто аслида тадбиркорликка алоқаси бўлмаган одам ҳам уларни амалда қўллаши мумкин.
Китобда Трамп ўз фаолиятини қандай бошлаганлиги ҳақида баён этади ва йирик лойиҳаларда ишлашдан олган сабоқлари билан ўртоқлашади. Шунингдек, унумли музокаралар олиб боришни ўргатади ва тадбиркорларга фойдали битимларни тузишда ёрдам берадиган маслаҳатлар беради.
Китобнинг қисқа талқинидан қуйидагиларни билиб оласиз:
• нима учун ёмон вақтлар яхши имкониятларни тақдим этади ва улардан қандай фойдаланиш керак;
• нима учун молиявий оғир объектни сотиб олиш керак;
• қандай қилиб шартномаларни тўғри тузиш ва шериклик алоқаларини ўрнатиш керак;
• нега, баъзи ҳолларда, ишлаб чиқувчилар одатда жуда қўрқадиган қурилиш миллионлаб долларларни тежашга ёрдам беради.
• Доналд Трампга қандай фазилатлар муваффақиятга эришишда ёрдам берган;
• кўчмас мулк тўғрисида отасидан қандай сабоқ олган;
• у қандай қилиб муваффақиятли битим тузган.
Аксарият одамларда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қатъиятлик етишмайди. Шу сабабли, кўпчилик бизнес учун яхши қобилияти бор эканлигига шубҳа қилишади. Албатта, муваффақиятга эришиш учун бунинг ўзи етарли эмас. Ажойиб натижаларга эришилмагунча қайта-қайта ҳаракат қилиш керак.
«Мен доимо ўтмишдан сабоқ олишга,  келажакни режалаштиришга ҳаракат қиламан, лекин эътиборимни фақат ҳозирги кунга қаратаман».
Доналд Трамп

Report Page