Ғазабланиш оқибати ёхуд синган ойнанинг оғир бадали.

Ғазабланиш оқибати ёхуд синган ойнанинг оғир бадали.


Дам олиш куни. Бир бола уй ичида ўйнар эди. Ўйнаб туриб бехостан деразани синдириб қўйди. Ойнанинг қарсиллаб синган товушини эшитган онаси кела солиб айюҳаннос қила кетди. “Ҳа, қўлгинанг узилиб тушсин сани илойим!.. Дадаси мана бу ярамасни қилган ишига қарамайсизми, деразани синдирди?!.. Қачон бундо ота бўлиб, болангизни уришасиз а?!..”.

Бу гаплар эрга оғир ботди ва ғазаб билан келиб, бор аччиғини болага сочди. Қараса ҳовлининг бир четида тахта бўлаги ётган эди. Ўшани олиб болани савалай кетди. “Ҳали санмисан, ойнани синдирадиган,” дея боланинг кафтларини очиб таёқ билан шарақлатиб роса урди. Бола йиғлаб, чинқирар эди. Аммо ота шу тобда нима қилаётганининг ҳам фарқида эмасди. Чунки, хотиннинг бояги ачитма гаплари уни ўз мувозанатидан чиқарганди. «Яхши гапга илон инидан чиқади, ёмон гапга мусулмон динидан», деган сўз гўё мана шу ҳолатда ўз ифодасини топгандек эди.

У жонидан ортиқ кўрувчи ўғлини, жигарпорасини уриб чарчагач, бошини чангаллаганча ҳолсизланиб ерга ўтириб қолди. Куннинг аввалиданоқ бутун кайфияти бузилиб, дили хуфтон бўлди. Кейин сиқилиб кетганидан кўчага чиқиб кетди.

Бола эса оғриқдан ингранган кўйи базўр ўрнига етиб олди. Анча вақтгача кўз ёшлари тинмай, нафас олишга ҳам қийналиб, ўпкаси тўлиб, ҳиқиллаб ётди. Кўзлари бир нуқтага қадалиб қолган, даҳшатдан ўзини билмай ҳиқиллаб ётарди. Баданидаги оғриқлардан ҳам кўра, қалбига етган зарбалар алами уни кўпроқ қийнарди. Зеро, у дадасини жуда ҳам яхши кўрарди. Дадаси ҳам уни чексиз яхши кўрар, мен сен билан фахрланаман ўғлим, сен менинг ҳаётим давомчисисан, катта бўлсанг олим бўлиб, қори бўлиб мени масъуд қиласан, қиёматда бошимга тож кийдирасан, дея алқаб қўярди. Аммо бугун у отасини умуман танимай қолганди.

.

У кечани ҳам мана шу алфозда ўтказди. Унинг бадани, айниқса икки қўллари кўкариб моматалоқ бўлиб кетганди. Норасиданинг бу аҳволига осмон ҳам, ер ҳам унсиз йиғлар, самодаги тўлин ой ҳам қовоғини солиб, маъюс тортган эди. Теварак атроф маъюс сукунат қаърига чўмган, золим, жоҳил отага эса гўё барча юлдузлар, атрофдаги барча дов-дарахту жонзотлар ҳам лисони ҳоли билан лаънат ўқиётгандек эди гўё...

У бир неча кун ўрнидан турмади. Ейдиган овқатини ҳам онаси ётган жойига олиб келиб берарди. Баданини кўкарган жойларини бир-икки кунда ўтиб кетади, деб ўйлаб, докторга ҳам олиб боришмади.

Бир неча кундан кейин онаси эрталаб ўғлини уйғотишга келиб, қараса кафтининг кўкарган жойлари тарқашни ўрнига қоп-қора тусга кирган эди. Буни кўрган заҳоти “войдод, дадаси тез буёққа келинг!” деб қичқириб юборди. Ота шарт ўрнидан туриб, ўғлининг хонасига югурди. Юз-кўзини даҳшат ва саросима қоплаб олганди. Ўғлининг қорая бошлаган қўлларини кўрдию, ўша заҳоти касалхонага олиб борди.

Шифокор болани кўрикдан ўтказгач, унинг қўллаларида қорасон (гангрена) пайдо бўлганини аниқлади. Боланинг кафтлари заҳарланган эди. Маълум бўлишича, ота боласини урган ёғочда эски, занглаган майда михлар бор экан. Боланинг кафтларига урилганда ўша михлар унинг терисига кириб, зангнинг заҳри қон орқали баданига ўтиб кетган экан. Ота ўша вақтда азбаройи ғазаби қайнаб турганидан ёғочдаги михларга эътибор ҳам бермаган экан.

Шифокор боланинг икки қўлини билагидан жарроҳлик йўли билан кесиб ташлаш зарурлигини айтди. Агар кесилмаса, улардаги заҳар ва чириш тананинг бошқа аъзоларига ҳам ўтиб кетар экан. Ота бу гапдан тамоман гангиб, карахт бўлиб қолди. Нима деб жавоб беришни ҳам билмасди.

Шунда табиб: “Бу амалиётни дарҳол қилишимиз зарур, орқага суриш асло мумкин эмас”, - деди, - “бугун кафтни кесиш керак бўлса, эртага тирсаккача кесишга тўғри келиши мумкин, индинга эса бу ҳолат елкагача етиб боради. Вақт ўтган сари иллат баданга кўпроқ тарқайди. Охири амалиёт ҳам фойда бермай қолиши ва бу ҳолат ўлим билан тугаши мумкин!”.

Отанинг жарроҳлик амалиёти ўтказишга рози бўлишдан ўзга чораси қолмади ва ахири бунга қарши эмаслиги ҳақида ноилож тилхатга имзо қўйиб берди. Боланинг икки кафти кесиб ташланди.

Бола наркоздан уйғонгач қараса, қўллари йўқ эди. Шунда у отасига мўлтиллаб боқиб:

“Дадажон илтимос мени кечиринг, илтимос! Қўлларимни қайтариб беринг, бошқа ҳеч қачон ойна синдирмайман, энди яхши бола бўламан, бугундан бошлаб ҳечам тўполон қилмайман, мени кечиринглар!.. илтимо-о-о-с, қўлимни берақолинглар!..”, дея йиғлаб отасига ялина бошлади.

У ҳали ҳам отам мендан хафа ва қилган ишимга жазо тариқасида қўлларимни олиб қўйган, деб ўйларди.

Ота бундай оғир зарбага дош беролмади. Бундай аянчли кўргуликдан қочиб қутулгани жой тополмасди.

Охири қаттиқ руҳий изтиробга тушиб қолганидан, шифохонанинг юқори қаватида жойлашган беморхонанинг деразасидан ўзини ташлаб жонига қасд қилди, ўз ҳаётига якун ясади.



Report Page