Ўзбекконцертни "лицензиясини олиш" бўйича конструктив таклифлар.
AlimoffБир неча кун олдин “Ўзбекконцерт”нинг "партбилетини столга қўйиш" бўйича эмоцияга берилган холда пост қўйган эдим. Келинг бугун тоза конструктив кўриб чиқамиз ушбу муаммони.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш лицензия талаб қилинадиган фаолият тури ҳисобланади.
Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг хулосалари асосида Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан амалга оширилади.
Хорижий давлатлардаги қонунчилик
Ривожланган хорижий давлатлар қонунчилиги таҳлили аксарият давлатларда фақатгина ўзига тегишли бўлмаган мусиқий асарни ижро этиш учун рухсат олиш амалиёти мавжудлигини кўрсатди.
Масалан, АҚШнинг Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонуни адабий, мусиқий, драматик, хореографик, аудио-визуал ва бошқа бир қатор муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ фаолият турларини тартибга солади.
Унга кўра, шахс омма олдида ёки ОАВ орқали ўзига тегишли бўлмаган аниқ мусиқий асарни ижро қилиш учунгина лицензия олиши лозим. Чунки омма олдида ижро этиш ҳуқуқи юқоридаги қонунга мувофиқ мусиқа эгасининг мутлақ муаллифлик ҳуқуқи ҳисобланади.
Буюк Британиянинг 1988 йилдаги Муаллифлик ҳуқуқи, дизайнлар ва патентлар тўғрисидаги Қонунига кўра агар бошқа шахснинг мусиқаси бирор жойда мижозлар ёки ходимлар учун радио, ТВ, СD, MP3 ёки компьютер карнайлари орқали ёки жонли тадбирларда ўзга шахслар томонидан ижро қилинса бу оммавий ижро деб ҳисобланади. Ўз навбатида юқоридаги Қонунга кўра оммавий ижро учун лицензия олиш талаб қилинади. Бундан ташқари Британия қонунчилигига кўра “cover” ижро учун унинг муаллифидан ҳам рухсат олиш лозим. Айни шу амалиёт Германияда ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, АҚШда ҳам, Буюк Британияда ҳам ўзга шахслар қўшиқларини ижро қилганлик учун лицензия давлат ташкилотлари томонидан берилмайди. Хусусан, АҚШда ушбу фаолиятни лицензиялаш Америка бастакорлар, муаллифлар, ноширлар жамияти (ASCAP), Broadcast Music, Inc. ҳамда SESAC, Inc. каби ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур давлатлардаги мусиқий асарни ижро этиш учун бериладиган лицензия бизнинг қонунчиликда назарда тутилган лицензиядан тубдан фарқ қилади. Бизда лицензия фаолият юритиш учун тақдим этилса, АҚШ, Буюк Британия, Германияда лицензия шахсга тегишли бўлмаган аниқ бир мусиқий асарни маълум бир ҳудуд доирасида ёки вақт давомида ижро этиш ҳуқуқини (маълум бир ҳаракатга рухсат) беради. Бу ўша мусиқани ёки қўшиқни яратган муаллифнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиниши учунгина амалга оширилади.
Россия Федерациясида ҳамда қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон Республикаларида мусиқий фаолиятни лицензиялаш амалиёти мавжуд эмас.
Туркманистон Республикасининг “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, маданият ва санъат фаолияти лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари қаторига киритилган. Тасаввур қиляпсизми? Биз бу борада Туркманистон билан бир қатордамиз. Сўз эркинлиги албатта априори ижод эркинлигини ҳам ўз ичига олиши керак. Шунинг учун бу нарсани тугатиш тарафдориман.
Муаммолар
1. Қонунчиликка мувофиқ санъаткор телевидение ва радиога видео ёки аудио маҳсулот тақдим этиши учун лицензия олиши шарт бўлса-да, телевидение ва радиода фақатгина лицензияси мавжуд санъаткорларнинг видео ёки аудио маҳсулоти чиқарилиши лозим деган талаб қонунчиликда мавжуд эмас.
Бу борада телевидиниедаги амалиёт оғзаки сўров йўли билан ўрганилганда, амалиётда давлат телеканалларида лицензия фақатгина эстрада йўналишида фаолият юритувчи санъаткорлардан талаб қилиниши, мумтоз ва мақом йўналишида фаолият юритувчи санъаткорлардан одатда лицензия талаб қилинмаслиги маълум бўлди. Хусусий телеканаллардаги амалиётга кўра, лицензия талаб қилинмайди, эфир вақти учун тегишли тўловни амалга оширган санъаткорнинг видеоклипи телеканал бадиий кенгаши рухсатига асосан эфирга узатилади.
2. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан бериладиган лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилиши лозим бўлсада, бугунги кунда лицензия 5 йил муддатга берилмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 11 апрелда ПФ–5409-сон “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 июндан айрим фаолият турларидан бошқа барча фаолият билан шуғулланиш учун бериладиган лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилиши белгиланган.
3. Тугатилган лицензияни айрим сабабларга кўра эгаларига яна қайтариш қонунчиликка зид.
Кўп ҳолатларда муассаса томонидан тугатилган лицензиялар, у ёки бу асоссиз сабабларга кўра маълум муддат ўтганидан сўнг ўз эгаларига қайтарилганлиги тўғрисида расмий хабар берилади. Бу ҳам ўз навбатида ташкилотнинг ярим чақалик хурматини қолдирмаяпти. Худдики аразлаган бола коптокни олиб қўйгандай гап. Ярашиб олгач эса яна ўйнанглар деб беради.
Маълумот учун: “жумладан, хонанда Абдулла Қурбонов, Жаҳонгир Отажонов, Шаҳло Аҳмедова ҳамда Ҳалима Ибрагимовалар бундан буён ўз ижодларини ривожлантириш ва халқимизга астойдил хизмат қилишларини билдиришганлиги сабаб, лицензиялари қайтарилганлиги эълон қилинди” дейилади муассасанинг расмий сайтида.
Ҳолбуки, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг лицензия муассасага қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак. Демак, бу ҳолатда лицензияни қайтаришнинг имкони мавжуд эмас. Лицензия асоссиз равишда тугатилган тақдирда лицензияни тиклаш суд тартибида амалга оширилиши лозим.
4. Санъаткорларнинг аҳоли фикрига катта таъсир кўрсатиш имконияти мавжуд.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан уларни мажбуран турли хил тадбирларга жалб қилиниб хизмат ҳақи берилмаётгани ҳақидаги фикрлари бевосита давлат ҳокимияти органлари обрўсига салбий таъсир ўтказмоқда.
Бундан ташқари, у ёки бу санъаткорнинг лицензиясини олиб қўйилиши ҳақидаги хабарлар эса катта резонанс келтириб чиқармоқда.
Шунингдек, истеъдодли бир қатор ёш ижодкорлар лицензия олиш учун етарлича маблағга эга эмас ва бунинг оқибатида улар ўз ижодини давом эттиришда қийналишмоқда. Бу ҳам норозиликларга сабаб бўлмоқда. Зўр қобилятга эга бўлган инсонларни гастерликда гитара чалиб қўшиқ айтиб юрганларини кўрамиз, ёки қишлоқлардаги чойхоналарда олинган видеолардан билиб қоламиз.
Маълумот учун: концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 13 бараваридан 195 бараваригача давлат божи ундирилади.
5. Солиқ кодексига асосан концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун давлат божи тўловчи жисмоний шахслар мазкур фаолият тури бўйича қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади. Бу ҳам бошқа солиқ тўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Таклифлар
1. “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини лицензиялаш билан боғлиқ функцияларини тугатиш, концерт-томоша фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни солиқ органлари ва маҳаллий ҳокимликларга тақдим этиш. Бунда, концерт-томоша тадбирларига бир марталик рухсатнома бериш амалиётини сақлаб қолиш ва мазкур давлат хизматини Давлат хизматлари марказларида кўрсатишни жорий этиш.
2. Санъаткорларга умумий асосда олган даромадига солиқ солиш амалиётини жорий этиш.
3. Санъаткорларга ижодий эркинлик бериш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи ҳамда санъаткорларни бирлаштирувчи янги нодавлат нотижорат ташкилот ташкил этиш.
Бу ташкилотнинг борлиги ва хозирда лицензияни бериш ва олиб қўйиш билан шуғулланиши, хозирги кенг дунёга очилиш сиёсатимизга ҳам тўғри келмайди. Бу имиджни бузаётган майсазордаги тўнка каби турибди. Уни олиб ташлаш керак. Майсазор гўзаллашсин ва хечким унга қоқилиб йиқилмасин.
https://t.me/nurbekalimov Бу ерда сиз ижтимоий муносабатлар, сиёсат, фалсафа, тарих, китобхонлик бўйича фикрларимни ўқиб боришингиз мумкин. Осторожно Сарказм!!!