Ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ҳамда улардан фойдаланишга рухсат берилган ташкилотлар ходимлари махсус курсларда ўқитилади

Ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ҳамда улардан фойдаланишга рухсат берилган ташкилотлар ходимлари махсус курсларда ўқитилади



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Ҳарбий-техника институти базасида идоравий ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ҳамда улардан фойдаланишга рухсат берилган ташкилотлар ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (АВ. рўйх. рақ. 12.04.2018 й.)

Низомга мувофиқ махсус курслар қуйидагилар бўйича назарий билимларни олиш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш мақсадларида ташкил этилади:

(тайёрлаш ва қайта тайёрлаш) фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус почтани қўриқлаш, табиат ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш, шунингдек қурол ва махсус воситалар муомаласига доир қонун ҳужжатларининг асосий талаблари;

қўриқланадиган объектларни (кузатилаётган мол-мулкларни) қўриқлаш, уларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, қўриқланадиган объектларда рухсат бериш ва объект ички режимини таъминлаш, хизмат йўналишларида (постларда) ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича хизмат вазифалари, уларни бажариш шакллари ва усуллари;

қўриқлашнинг (мол-мулкларни кузатишнинг) илғор муҳандислик-техник воситалари ва усуллари, замонавий радио ҳамда симли алоқа воситаларининг турлари ва техник тавсифлари, улардан фойдаланиш ва радиоалоқани ташкиллаштириш қоидалари;

уюшган гуруҳ, жиноий уюшма, террорчилик-қўпорувчилик гуруҳлари ва уларнинг аъзолари томонидан қўлланилаётган тактик усуллар ва уларнинг хусусиятлари, улар фаолиятини амалга оширишда фойдаланиладиган портловчи қурилмалар, қурол-яроғлар, техник ва бошқа воситалар;

шахсларни, уларнинг буюмларини ва транспорт воситаларини кўздан кечиришнинг илғор муҳандислик ва махсус техник воситалари, уларнинг турлари, техник тавсифлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиби;

тан жароҳатларининг асосий турлари бўйича бирламчи шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда ҳодисалар ва вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этишда қатнашиш;

қўриқланаётган объектларни (кузатилаётган мол-мулкни) террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатлар содир этилишидан ҳамда жиноий тажовузлардан ишончли қўриқлашни ташкил этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари, жамоатчилик вакиллари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш.
Ходимларни қайта тайёрлаш беш йилда камида бир марта амалга оширилади.

Махсус курсларда ўқув машғулотлар Институт бошлиғи томонидан тасдиқланган дастурлар асосида ўтказилади.

Махсус курслар ишлаб чиқаришдан (ишдан) ажралган ҳолда, одатда, қатнаб ўқиш шаклида Институт ва ташкилот ўртасида тузилган шартномага мувофиқ пуллик асосда амалга оширилади.

Ходимларнинг махсус курслардан ўтганлиги иккинчи таълим олиш ҳисобланмайди.

 

Ташкилотлар томонидан ходимлар қуйидаги ҳолларда қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш учун юборилиши лозим:

ходимга берилган сертификатнинг амал қилиш муддати тугаётганда;

ходимнинг лавозим мажбуриятлари ўзгарганда (оддий ходимлар таркибидаги лавозимдан кичик ва ўрта бошлиқлар таркибидаги лавозимга ёхуд кичик ва ўрта бошлиқлар таркибидаги лавозимдан катта бошлиқлар таркибидаги лавозимга ўтказилганда).

Махсус курсларга тиббий текширувдан муваффақиятли ўтган қурол ва махсус воситалар бириктирилган ходимлар ташкилот раҳбарининг буйруғига мувофиқ юборилади. Тайёрлаш курсларига юборилаётган ходимлар ташкилотларда ташкил этилган идоравий жанговар хизмат, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-психологик ва жисмоний тайёргарлик курсларидан ҳам муваффақиятли ўтган бўлиши лозим.

Тайёрлаш курсларининг умумий давомийлиги икки ярим ҳафта (90 соат), қайта тайёрлаш курсларининг умумий давомийлиги эса, икки ҳафта (72 соат) этиб белгиланади. Бунда, махсус курсларда ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми бир ҳафтада 36 (54 академик) соатни, аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми эса, 24 (36 академик) соатни ташкил қилади.

Ходимлар махсус курсларда ўқишни тугатгандан сўнг махсус, жисмоний ва ўқ отиш тайёргарлиги бўйича имтиҳонларни топширади.

Имтиҳон топшириқлари махсус курслар дастурларига мувофиқ тузилади. Имтиҳон натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Имтиҳон натижалари бўйича белгиланган энг юқори баллнинг камида 70 фоизини тўплаган ходимлар имтиҳондан ўтган ҳисобланади.

Имтиҳон комиссияси баённомасига асосан бир иш куни ичида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ходимларга сертификат, имтиҳонлардан ўта олмаган ходимларга эса, улар махсус курсларни тамомлаганлиги тўғрисидаги маълумотнома берилади. Сертификат ва маълумотномалар Институт бошлиғи томонидан имзоланади.

Сертификат беш йил муддатга берилади. Сертификатлар қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланадиган, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлган махсус бланкаларда расмийлаштирилади ҳамда Институтда махсус курслар тури бўйича юритиладиган тегишли реестрда ҳисобга олинади. Сертификатлар ходимларга реестрда имзо қўйдирган ҳолда берилади. 


Report Page